Парламент юқори палатаси аъзолари Маҳаллий Кенгашлар депутатлари саволларига жавоб берди

08:11 15 Февраль 2022 Жамият
391 0

Фото: Халқ сўзи

Хабарингиз бор, шу йилнинг 3-4 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси ўтказилган ва унда 20 та масала, жумладан, 8 та қонун кўриб чиқилган эди.

Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев ҳамда мазкур қўмита аъзоси Фармон Тошев иштирокида халқ депутатлари Самарқанд вилояти ва туман, шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари ҳамда котибият мудирлари билан ZOOM орқали ўтказилган йиғилишда ялпи мажлисда кўриб чиқилган ана шу масалалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

— Ялпи мажлисда маъқулланган қонунлар орасида «Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун фуқароларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш ишларини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди, — деди Ф.Боқиев. — Хабарингиз бор, мазкур қонун 9 февраль куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди ва кучга кирди. Ушбу қонун билан Меҳнат, Фуқаролик ва Солиқ кодексларига ҳамда амалдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, эндиликда Чернобил АЭСдаги авария туфайли майиб бўлиш ёки касаллик оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳам пенсия тайинланади. Таълим муассасаларида ўқиётган етим болаларга 23 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқи берилди. Болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақтини иш стажига қўшиб ҳисоблаш жами даври 3 йилдан 6 йилга ўзгартирилди.

Фуқаролик кодексига киритилган ўзгартишга кўра, эндиликда автомототранспорт воситалари электрон онлайн-аукцион орқали ижарага берилганда ижарага бериш шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмайди. Бунда онлайн-аукцион натижаларига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга бўлади.

Йиғилишда ялпи мажлис қарори билан Вазирлар Маҳкамасига Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида парламент сўрови юборишнинг сабаб ва моҳияти ҳақида ҳам маълумот берилди.

Сенаторлар айни пайда қўмитада муҳокама этилаётган «Реклама тўғрисида»ги қонун юзасидан маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам ўз фикр ва таклифларини билдиришлари муҳимлигини таъкидлади.

Парламент юқори палатаси аъзолари депутатларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер