Парижда кучли довул юз берди. Ҳалок бўлганлар бор

15:09 26 Июнь 2025 Дунё
254 0

25 июнь куни Франциянинг кўплаб ҳудудларида кучли шамол ва момақалдироқ кузатилди. Довуллар акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Маълум бўлишича, ҳудудларда ҳаво ҳарорати бир ҳафта давомида 30 даражадан юқори бўлиб турган, сўнгра кучли момақалдироқ ва 120 километр/соатгача тезликда шамол бошланган. 25 июнь куни мамлакат миллий метеорология хизмати 57 та департамент бўйича хавфли об-ҳаво шароити тўғрисида огоҳлантириш берган.

Мамлакат шимоли-ғарбидаги Маен шаҳрида 59 ёшли эркак квадровелосипед ҳайдаб кетаётиб, дарахт йўлга қулаши оқибатида ҳалок бўлди. Жанубдаги Тарн-и-Гаронна шаҳрида 12 ёшли бола дарахт қулагандан сўнг дарёга тушиб кетиб, вафот этди. Шунингдек, яна 17 киши жароҳатланган.

Бундан ташқари, ноқулай об-ҳаво туфайли мамлакатда 100 000 дан ортиқ уй электр таъминотисиз қолди. Поездлар қатнови тўхтатилди ва бир қанча метро бекатлари ёпилди.

Хабарларга кўра, Парижда маҳаллий вақт билан кечки соат 10 ларда довул тўлиқ тинган ва пойтахтдан Франциянинг марказий ҳудудлари томон силжиган.

Аввалроқ 2024 йил ер юзида рекорд даражадаги иссиқ йил бўлгани ва иссиқлик тўлқинлари, сув тошқинлари ва кучайган довуллар натижасида дунё бўйлаб 150 дан ортиқ табиий офатлар юз бергани ҳақида хабар қилгандик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?