Парда кўтарилганда... Ёхуд андишали келинчак тушган андишасиз муҳит хусусида
Миллий маданиятимизга «Оила билан кўрса бўлади» деган ғалати жумла кириб келганига кўп йиллар ўтди. Бу гапнинг ғалати жиҳати шундаки, одатда, қизиқчилик йўналишидаги оммавий саҳна асарлари ёки хусусий телеканалларда намойиш этиладиган айрим кўнгилочар кўрсатувлар ҳақида фикр-мулоҳаза юритилганда юқоридаги эътироф тилга келади. Наҳотки, оммавий томошанинг ҳаммасидан оила даврасида баҳраманд бўлишнинг имкони бўлмаса?! Бу қандай бедодлик?!
...Яқинда бир гуруҳ дўстлар билан ҳордиқ чиқариш мақсадида театрга тушиб, «Андишали келинчак» спектаклини томоша қилдик. Бу асар, гарчи, кўп йиллардан бери мазкур нуфузли санъат даргоҳи репертуаридан тушмай келаётган эсада, камина уни илк бор кўраётгандим. Аввало, қайд этиш жоиз, саҳна безакларидан тортиб, актёрларнинг кийинишигача миллий услуб-андозаларда. Лекин, таассуфки, ижродаги, айниқса, тилдаги андишасизликлар одамнинг дилини хира қилади.
Ушбу саҳна асари сюжетидаги (ҳаётий!) воқеаларнинг ясамалиги, кўтарилаётган ижтимоий масаланинг юзакилиги, умумий мазмуннинг саёзлиги ҳақида фикр юритиш ортиқча. Чунки аввал ундаги «қора доғ»лардан қутулиш лозим.
Масалан, келин бўлмиш исириқ тутаётган оташкуракни сўрида томошабинларга қараб ўтирган қайнонанинг атайдан этаги орасига олиб кириб, пийпаланаверади-пийпаланаверади. Ана шунда қайнона бу ҳолатни руҳан «рағбатлантириб», бопиллаб бир нарса дейдики, таниқли актрисанинг катта саҳнада юзлаб томошабин ҳузурида тап тортмай айтаётган бу «топилма» гапини мақолада акс эттиришнинг сира иложини тополмадик...
Зимдан эътибор қилинса, бу луқма томошабинларни кулдириш учун айтилганини фаҳмлаш қийин эмас. Бундай бемаврид ҳол кейинги ижролардан бирида янада ойдинлашади: ўзи ўйлаб топган муаммолардан боши оғриб қолган қайнона хосхонасига йўл оларкан, эрига қараб, «Келинг, бошимни босиб қўйинг!» деб ичкарига кириб кетади. (Бошни қанақа қилиб босиб қўйиш мумкин?) Унинг ортидан келган эр бўлмиш «Умримиз нуқул ...!» дея ўкинчнамо «хитоб» қиладики, бу шартаки гапни кўп сонли мухлислар олдида айтиш учун камида одам боласининг фаҳм ва ҳамият пардалари ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда бехос ёпилиб қолган бўлиши кераг-ов!
Мен ҳайрон қолдим: ҳатто кўча-кўйда ҳам сўзлашув лаҳжаларида деярли ишлатилмайдиган, ҳеч истисносиз, тўпори тор доиралардагина қўлланилиши мумкин бўлган бундай жаргон катта саҳнага қачон чиқиб улгурди? Наҳотки, шу пайтгача бунга «ҳов» дейдиган бирон жўмард топилмаган бўлса?!
Боз устига, катта саҳнада туриб, миллатга маънавият тарқатаётган санъаткорларимиз тилида таржимаси осон русча сўзларнинг ҳуда-беҳудага ишлатилавериши асабни баттар таранглаштиради. Донишманд халқимизда «Тавфиқни бетавфиқдан ўрган» деган пурмаъно нақл бор, бироқ «Маданиятни маданиятсиздан ўрган» мазмунидаги тавсия йўқ. Чунки бетавфиққа ҳафсала қилса, унинг калтабинлигидан, ўз «қобиғи»га ўралашиб қолганидан киши ўзи учун тегишли ижобий хулоса чиқариб олса бўлади. Маданиятсизликка эса сира тоқат қилиб бўлмайди.
Шунингдек, мазкур саҳна асарида яна бир хурмача қилиқ бор: қайнота-қайнонага қўшни яшайдиган бир «валломат эркак» рўзғорида атиги картошка ва бошқа майда-чуйда етишмаганлиги учун ўзини осмоқчи бўлиб арқон сўраб чиқади, унинг хонанишин «нозанинсифат» қилиқлари, балки образ сифатида ўзини оқлар, (аслида, бу ҳам гўёки комик лавҳа сифатидаги ажабтовур талқин бўлса керак!) лекин арзимаган рўзғор камчилигидан фожиа ясашдан мақсад нима?
Хуллас, андишали келиннинг ёлғиз ўзи атрофидаги мана шунга ўхшаш андишасизликларга барҳам бера олмаслиги табиий. Минг йиллар оша сайқал топиб, ўзининг собит ўзанига эга бўлган миллий маданиятимиз шаънига тўғри келмайдиган бундай ножўя хатти-ҳаракатларга эзгу фикрли инсонлар — миллатимиз жонкуярлари эл бўлиб нуқта қўйиши шарт. Йўқса, муҳташам санъат даргоҳидан бир луқма куракда турмайдиган «ҳангома»ни олиб чиққан содда томошабин неча-неча таниш-билишларига уни текинга тарқатиши тайин. Чунки буни маданият даргоҳидан ўрганиб чиқдида! Энг ачинарлиси, уларнинг аксарияти бундай бемазагарчиликларни маданиятга дахлдор ҳозиржавоб илмоқли гаплар, деб тушуниши ҳам рост. Буни айрим томошабинларнинг айнан шундай миллий менталитетимизга қора доғ бўлиб тушган ажабтовур эпизодларда чапак чалиб, қийқириб кулганидан ҳам билса бўлади.
Афсуски, катта саҳнада намойиш этилаётган бу каби «топқирликлар» бани инсонга ҳеч қандай маънавий озиқ бўлмайди, аксинча, бундай маданиятсизлик таъсирида доно бобокалонларимиз айтган «Бирники — мингга...» тамойили сўзсиз ишлайди. Натижада оила даврасида кўриб бўлмайдиган нимарсаларни жамоат бўлиб, миллий ўзлигимизга мутлақо бефарқ ҳолда, тағин чапак чалиб томоша қилишдан ор қилмайдиганлар кўпаяди — бу ҳақиқий фожиа! Бундан ўзимизни ўзимиз асрамасак, четдан келиб ҳеч ким бизга миллий менталитетимизга хос сифатлардан сабоқ бера олмайди.
Сафар ОЛЛОЁРОВ, Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг