Панжоб вилояти губернатори  бошчилигидаги Покистон делегацияси Наманганга келди

19:05 05 Февраль 2021 Жамият
1068 0

Бугун Наманганга Панжоб вилояти губернатори Муҳаммад Сарвар Чаудхари бошчилигидаги Покистон делегацияси ташриф буюрди. Ҳар икки вилоят ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларига бундан икки йил аввал, 2019 йилнинг сентябрида тамал тоши қўйилган эди. Ўшанда Наманган шаҳри делегацияси Панжобнинг Лаҳор ва Файсалобод шаҳарларида ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш бўйича мулоқотлар олиб бориб, бир қатор келишувлар портфели билан қайтганди.

Гуллар шаҳрига келган делегация таркиби Панжоб вилояти мутасаддилари ва тадбиркорлардан иборат. Уч кун давом этадиган ташриф дастурига кўра, меҳмонлар вилоятдаги «Мехмаш», «Ифтиҳор кийими саноат», “Art soft holding” сингари йирик корхоналар билан танишиши, Made in Namangan кўргазмаси ва «Наманган—Панжоб» бизнес-форумида иштирок этиши, «Султон Увайс Қароний» ва «Ахсикент» ёдгорлик мажмуаларини зиёрат қилиши, вилоят марказидаги Президент мактабида бўлиши кўзда тутилган.

Шунингдек, вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ва Панжоб вилояти губернатори Муҳаммад Сарвар ўртасида музокаралар ўтказилиши, уларнинг якунида «Биродар ҳудудлар» келишувининг имзоланиши кутилмоқда. Наманган шаҳридаги «Уч фаввора» хиёбонида эса ушбу келишувни ўзида акс эттирган монумент ўрнатилади ва Покистон байроғи кўтарилади.

Маълумот учун, Панжоб вилоятида 110 миллион киши ёки Покистон аҳолисининг ярмидан ортиғи истиқомат қилади. Вилоятнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 60 фоиздан ортади. Айни пайтда Покистон билан Наманган вилояти ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш хажми 3,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб турибди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер