“Пахтакор” ва “Навбаҳор”да режалар йўқ, “Севинч”да молиявий масалалар

16:30 10 Март 2026 Спорт
221 0

Кеча, Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси ўз тарихида биринчи маротаба Осиё кубоги мусобақасининг чорак финалига йўл олди. Бу орқали жамоа Жаҳон чемпионатига чиқиш учун катта қадам ташланди.

Уни устига 2029-йил Тошкент шаҳри аёллар терма жамоалари ўртасидаги навбатдаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилади. Шундай экан, кейинги 3 йилда аёллар футболга бўлган эътибор ҳар доимгидан-да юқорироқ бўлиши кутилаётганди. Аммо, 2026-йилги мавсум олдидан аёллар Олий лигасида жиддий муаммолар юзага келмоқда.

Узунқулоқ гапларга кўра, “Пахтакор” клубининг аёллар жамоаси янги мавсумда аёллар Олий лигасида иштирок этмайди. Шунингдек, биринчи лига вакили “Навбаҳор” клубининг аёллар жамоаси ҳам тугатилиши кутилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистоннинг байроқдор жамоаси “Севинч” клубида ҳам молиявий муаммолар юзага келаётгани айтилмоқда.

Бунинг ўзи ҳам етмагандек, яна Олий лиганинг қатор жамоаларида ҳам аёллар жамоаларини молиялаштиришни тўхтатиш бўйича режалар мавжуд. Хўш, нега бундай муаммо юз бермоқда?

Аввало, клублар нима сабабдан аёллар жамоаларини молиялаштирганига аҳамият берамиз. Бунга асосий сабаб Профессионал футбол лигаси томонидан талаб этиладиган лицензиялаш механизми эди. Яъни, клублар ПФЛ лицензиясини олиш учун аёллар жамоаларига эга бўлиши керак эди.

Аммо, 2023-йилдан аёллар футбол мусобақаларини ташкил этиш ПФЛдан ЎФАга ўтди. Шундан сўнг, 2025-йилда Профессионал футбол лигаси ўз тасарруфида бўлмаган мусобақа учун клубларни жавобгарликдан озод қилди ва 2026-йилги мавсум лицензиялаш талабларидан аёллар жамоаларини молиялаштириш масаласи олиб ташланди.

Шундан сўнг, аёллар жамоаларини фақатгина лицензиялаш масаласи учунгина молиялаштириб келган баъзи клубларда келажакда аёллар жамоасидан воз кечиш фикри пайдо бўлди.

2026-йилнинг бошида эса клубларни молиялаштириш масаласида жиддий муаммолар кузатилди. “Ўзбекнефтгаз” ўз тасарруфидаги жамоаларга пул ажратишни тўхтатди. Шунингдек, “Сурхон”, “Динамо”, “Сўғдиёна” ва бошқа клубларда молиявий муаммолар юзага келди. Бу ҳолат эса харажатларини қисқартириш мажбуриятини ўз бўйнига олиши керак бўлган клублар учун аёллар жамоалари фаолиятини тўхтатишга ёқилган “яшил чироқ” бўлди.

Шу тариқа Осиё кубоги олдидан аёллар футболида жиддий муаммолар пайдо бўлмоқда. Хўш, ЎФА аёллар футбол бўлими бунга қандай чора кўради. Энди федерациянинг юришини кутамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?