Паҳлавон Маҳмуд издошлари

16:31 06 Сентябр 2024 Жамият
186 0

6 сентябрь — «Кураш» миллий спорт тури куни

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Ҳар бир мамлакат, ҳар бир халқнинг ўзига хос миллий спорт ўйинлари бор. Аждодларимиз томонидан мардлик, бағрикенглик, олижаноблик ва ҳалолликнинг тимсоли сифатида эъзозланиб келинган кураш уч ярим минг йиллик тарихга эга ва бугун дунёда жадал ривожланаётган замонавий халқаро спорт туридир. Бир пайтлар тўй, байрам ва сайлларнинг тор доирасидан чиқа олмаган кураш истиқлол шарофати билан дунё спортига айланди.

Осиё, Европа ва Американинг 28 давлати вакиллари иштирокида 1998 йилда ўтказилган таъсис конгрессида Кураш халқаро ассоциацияси (IKA)га асос солинди. Ҳозирги вақтда 130 дан ортиқ мамлакатларда кураш федерациялари, барча қитъаларда кураш конфедерациялари фаолият юритмоқда. 2017 йил 20 сентябрда Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Олимпия кенгашининг 36-Бош ассамблеясида кураш тарихда илк бор XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди. Келгусида курашни ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритиш бўйича ҳам фаол саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 октябрдаги «Кураш» миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 6 сентябрь мамлакатимизда «Кураш» миллий спорт тури куни этиб белгиланди ва бу Кураш халқаро ассоциацияси ташкил топган кун билан рамзий маънода боғлиқдир.

Полвонлар пири дея улуғланадиган Паҳлавон Маҳмуд ватани – Хоразмда кураш азалдан элнинг фахри, ғурури, бетакрор қадрияти даражасига кўтарилган. Бу заминдан халқаро кураш мусобақалари ғолиби бўлган номдор полвонлар етишиб чиққан.

— Ўзбекнинг боласи тетапоя бўлиб юришдан олдин кураш тушишни ўрганади, — дейди Паҳлавон Маҳмуд ҳақидаги қатор китоблар муаллифи, машҳур полвон Рахимбой Шержанов. — Ўзбек кураши ушбу халқнинг мардлиги, адолатпарварлиги, тантилиги каби сифатларни мужассам қилган. Унинг қоидалари билан танишсангиз буни дарров англайсиз. Курашда полвон олиши мумкин бўлган энг юқори баҳо – «ҳалол». Энг оғир жазо эса – «ғирром». Шу икки сўзнинг ўзиёқ ўзбек курашининг ҳаққонийлиги, мазмун-моҳиятини тўла очиб беради.

Вилоятда спортнинг ушбу турини ривожлантириш учун Янгибозор тумани «Дўстлик» маҳалласида жойлашган спорт базаси реконструкция қилиниб, кураш маҳорат мактаби ташкил қилинди. Бунинг учун бюджетдан 5 млрд. 591 млн. сўм маблағ сарфланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 июндаги «Кураш маҳорат мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 353-сонли қарорига асосан вилоятда республикада биринчилардан бўлиб кураш маҳорати мактаби фаолиятини бошлади.

— Кураш маҳорат мактаби 140 нафар спортчига мўлжалланган бўлиб, жорий ўқув йилида 80 нафар ўқувчи қабул қилинди, — дейди мактаб директори Жамшид Рамазонов. — Ёшларга кураш спорти сир-асрорларини ўргатиш, машҳур полвонларимиз анъаналарини давом эттириш учун барча шароитлар яратилган. Аминманки, эндиликда бу даргоҳдан Ватанимиз довруғини дунёга таратадиган, кураги ерга тегмайдиган забардаст полвонлар етишиб чиқади.

6 сентябрь – «Кураш» миллий спорт тури куни муносабати билан Янгибозор кураш маҳорати спорти мактаби очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда иштирок этган спорт фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари мамлакатимизда оммавий спорт турларини ривожлантиришга қаратилган эътибор туфайли халқаро мусобақаларда улкан ютуқлар қўлга киритилаётганини эътироф этдилар. Яқинда Парижда ўтказилган Ёзги Олимпиада ўйинларида спортчиларимиз эришган тарихий ғалабаларни эсга олиб, айни кунларда паралимпиячилар ғолиблик эстафетасини муносиб давом эттираётганини таъкидладилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?