ЎзЛиДеП сайловолди дастурида ёшларни қўллаб-қувватлайди

16:34 29 Август 2024 Жамият
263 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳридаги ишга марҳамат Мономарказида ЎзЛиДеП сайловолди дастури лойиҳасининг муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда кенгаш масъуллари, депутатлар, партиянинг «Ёшлар қаноти» фаоллари, талаба-ёшлар иштирок этди.

— Партиямиз келгуси беш йилликда ёшлар бандлиги ва ишбилармонлигини фаол қўллаб-қувватлайди, — деди ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Абдулла Асланов. — Ишсиз ёшларни замонавий касбларга ўқитиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, корхоналар буюртмаси асосида касбга тайёрлаш амалиётини жорий қилиш, ҳар бир вилоятда камида 100 гектар майдонда «Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази»ни ташкил қилишга эришиш ва ушбу марказларни ёшларимиз учун чинакам «лойиҳалар фабрикаси»га айлантириш кўзда тутилмоқда.

Партия сайловолди платформасида ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш учун микромолиялаш хизматларини кенгайтириш ва замонавий молиявий инструментлардан кенг фойдаланиш учун имкониятлар яратиш, ўз бизнесини ижарага олинган бинода бошлаётган ёшларимизга бир йиллик ижара харажатининг 50 фоизи қоплаб бериш, талабалар учун давлат ташкилотларида иш ҳақи тўланадиган малака тизимини ривожлантириш каби вазифалар ҳам белгиланган.

Учрашув давомида партия сайловолди дастури лойиҳасига бир қатор таклифлар билдирилди.

Мактабларида 153 мингдан ортиқ синф раҳбарлари учун тўланадиган маблағ миқдорини кўпайтириш, 2030 йилгача қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрнини яратган ҳолда таълим сифатини тубдан яхшилаш ва илм-фанга йўналтирилган маблағларни ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2030 йилгача 10 баробар ошириш, шунингдек, олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил қилинган «Карьера ва стажировка марказлари» фаолиятини такомиллаштириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун ҳар бир маҳаллада «Мустақил ривожланиш» марказлари ташкил этиш каби таклифларнинг партия сайловолди дастури лойиҳасидан ўрин олаётгани маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?