Ўзбекнинг оташнафас шоири

11:09 22 Февраль 2024 Маданият
317 0

22 февраль — Азим Суюн таваллуд топган кун

Азим Суюн ўзбек шеъриятига халқ оҳанглари, табиатнинг нафис тасвири билан ранг берган, бадиий ижод анъаналарини янгича шакл ва мазмун билан бойитган шоирдир.

Унинг “Менинг осмоним”, “Зарб”, “Замин тақдири”, “Хаёлот”, “Зиё йўли”, “Қора кўзинг сенинг”, “Шарқ ҳикмати”, “Эй дўст”, “Ватан фасллари”, “Муҳаббат ҳайратлари” каби бир қатор китоблари адабиётимиз хазинасига улуш ўлароқ қўшилган.

Шоир бугун орамизда эмас, лекин битиклари ҳамиша шеърият муҳиблари қалбида яшайди.

ВАТАН

Ўзимни танидим, кўкларда учдим,

Момиқ булутларнинг ҳавосин ичдим –

Кўзларим тўймади, кўзлардан кечдим.

Ватан! Онт ичмайман, қасам ичмайман,

Лекин икки дунё сендан кечмайман!

Олис денгизларда суздим балиқдай,

Офатижон соҳил, юрдим холиқдай,

Денгизим йўқ гарчи, бездим, толиқдим,

Ватан! Онт ичмайман, қасам ичмайман,

Лекин икки дунё сендан кечмайман!

Мен кезмаган жаннат боғлар қолдими?

Оёғим етмаган тоғлар қолдими?

Улар жодусига жон бойландими?

Ватан! Онт ичмайман, қасам ичмайман,

Лекин икки дунё сендан кечмайман!

Айтиб бўлмас экан дунёлар сирин,

Қалбда бир япон қиз исми яширин.

Тожмаҳалда кўзёш тўкканларим чин.

Ватан! От ичмайман, қасам ичмайман,

Лекин икки дунё сендан кечмайман!

Оҳ-оҳ, айланайин бўйингдан ўзим,

Юзим ўзингдирсан, ўзингсан кўзим.

Сенга қўшиқларим кўп эрур менинг.

Ўлсам, қучоғингда ўлурман сенинг!

Ватан! Онт ичмайман, қасам ичмайман,

Лекин икки дунё сендан кечмайман!

* * *

Эй дўст!

Кўнгул бир мусофир, сийлаган уни,

Мен сийладим жонон билан бир куни.

Во ажаб! Ўшандан буён тинчим йўқ,

Гоҳ уни истайди, гоҳ истар буни.

* * *

Эй дўст!

Кўрдимки, бул кеча тонгда уйғониб,

Ёр юзи оташдай турарди ёниб.

Дедим: “Атиргулдай чўғланмоқ нечун?»

Деди: “Атиргулим сув ичган қониб”.

* * *

Эй дўст!

Маъшуқ бағридаги ошиқдек хушман,

О, чиндан ҳам шундай, сархуш, беҳушман.

Ҳузуримга келган ёрим бу оқшом,

Кет! Кет! Гулзор аро бир пошшо қушман.

* * *

Эй дўст!

Қўл силтадим бу дунё ғурбатига,

Қалби кесак рақиблар ғийбатига.

Кетдим-кетдим бир қадаҳ май симириб,

Пари-пайкар, жононлар суҳбатига.

* * *

Эй дўст!

Табиблар кўп эрур, дорилар бисёр,

Улар на даркордир, гарчи мен бемор.

Ёлғон кулиб, ёлғон йиғлаб нетаман,

Кифоя ёнимга кириб келса ёр.

* * *

Эй дўст!

Тунда чорлагандик биз ёримизни,

Кўздан ниҳон тутиб хуморимизни.

Ёр чикқач, о, зулмат кетди ёришиб,

Ошкор килиб қўйди асроримизни.

* * *

Эй дўст!

Дунё норасо жанг-жадаллар билан,

Ғаму андуҳлару ажаллар билан.

Дам ғанимат, жонон билан суҳбат қур,

У расо бўлгайдир гўзаллар билан!

* * *

Эй дўст!

Муҳаббатнинг жодулари доғулидир,

Лутфу карам, макрлари оғулидир.

Лекин мени ўлдирса ҳам ўлдирсин ул,

Гарчи ўлим йўли доим қайғулидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?