Ўзбекистоннинг учта олий таълим муассасаси дунёнинг энг яхши университетлари рейтингидан жой олди

18:31 23 Январь 2025 Жамият
237 0

Ўзбекистон олий таълим муассасалари Британиянинг «Times Higher Education» ташкилоти талқинига кўра, илк бор дунёнинг энг нуфузли университетлари рўйхатига киритилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

«Times Higher Education» ташкилоти экспертлари олий таълим муассасалари рейтингини тузишда университетлардаги ўқитиш сифати, талабалар ва битирувчиларнинг истиқболлари ва бошқа бир нечта параметрларга таянадилар.

Ташкилот талқинига кўра, «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети Табиий фанлар, математика ва статистика йўналишида 301–400, муҳандислик йўналиши бўйича эса 501–600 ўринлар оралиғида қайд этилди.

Тошкент ахборот технологиялари университети таълим йўналишида 601+, Компьютер илмлари ва дастурлаш технологиялари йўналишида эса 1001+ ўринга лойиқ кўрилган.

Шунингдек, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳам табиий фанлар, математика ва статистика йўналишида 601–800 ўринлар оралиғидан жой олди.

Дунёдаги энг нуфузли табиий фанлар университетлари рўйхатида Калифорния университети, Гарвард, Стэнфорд ва Массачусетс технология институтлари етакчилик қилмоқда.

IT университетлари рейтингида эса Оксфорд, Кембриж ҳамда Массачусетс технология институтлари энг юқори рейтингларни эгаллаган.

Маълумот учун, дунёда таълим сифатини баҳолаб борувчи кўплаб рейтинг тизимлари бор бўлиб, улар таълим, спорт, маданият, соғлиқни сақлаш соҳалари сарҳисобига кўра, йилда бир марта университетларнинг рейтингини эълон қилиб боради. Жумладан, Британиянинг «Times Higher Education» ташкилоти ҳар йили эълон қилиб борадиган рейтинглари орқали дунёга машҳур ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?