Ўзбекистоннинг тўрт ҳудудида «закладчик»лар қўлга олинди
Видеодан кадр
Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 12 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситаси фош этилди. Бу ҳақда «Хавфсизлик» Telegram каналида хабар берилди.
Хусусан, Андижон вилояти Хўжаобод тумани ҳудудида ҳаракатланаётган, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган, муқаддам судланган шахсга тегишли BYD русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Натижада унинг салон қисмида 6 дона полиэтилен ўрамларда бўлган, жами 5 кг 946 гр «Мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган. Маълум бўлишича, у ушбу ажал оғусини наркокурьерлар томонидан «закладка» тарзида қолдирилган жойдан олиб, Тошкент шаҳрига кетаётган бўлган.
Бошқа бир ҳолатда эса хориждан курьерлик жўнатмаси орқали қандолат маҳсулотлари орасига яширган ҳолда юборилган 350 гр «Клефедрон» синтетик наркотик моддасини қабул қилиб олган вақтида Чилонзор туманида яшовчи, 2006 йилда туғилган шахс ушланган.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг шериги бўлган – Яшнобод туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган шахс ҳам жиноят устида қўлга олинган.
Аниқланишича, мазкур фуқаро ўзининг яшаш хонадонида нарколаборатория ташкил қилган бўлиб, ундан тахминий оғирлиги 5,3 кг бўлган синтетик гиёҳванд моддалар, гашиш ва марихуана мойларига ўхшаш моддалар, электрон тарозилар, колба идишлар, уяли алоқа воситалари ва лабораторияда фойдаланиладиган мосламалар ашёвий далил сифатида олинган.
ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ички ишлар ва Божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Фарғона вилоятининг Бувайда туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс Қирғиз Республикасидан Андижон вилоятига ноқонуний олиб ўтилган 1 кг 23 гр «героин» моддасини шартли харидорга 18,5 минг АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинган.
Сирдарё вилоятида қайд этилган ҳолатда, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1993, 1996 ва 1997 йилларда туғилган 3 нафар шахс кетаётган «Cobalt» русумли автотранспорт воситаси ДХХ, Ички ишлар ҳамда Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида Сайхунобод туманидаги «Сайхун» ЙПХ масканида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Натижада, автомашинанинг эшик қисмидаги хуфиёна жойга 2516 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари яширилганлиги аниқланган. Маълум бўлишича, улар ушбу дори воситаларини муқаддам курьерлар томонидан Қўқон шаҳридаги «закладка» тарзида қолдирилган жойдан олишган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг