Ўзбекистоннинг Кўрфаздаги ишончли шериги

03:50 18 Февраль 2025 Жамият
188 0

Ташқи сиёсати йилдан-йилга фаоллашиб бораётган мамлакатимизнинг шериклик географияси кенгаймоқда. Бунда араб мамлакатларига ҳам алоҳида ўрин ажратилдики, улардан бири энергия захираларига бой, Яқин Шарқ ва Кўрфазнинг қудратли иқтисодий салоҳиятли давлати — Кувайт.

Бу давлат Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги ишончли дўсти ҳамда ҳамкори. Маданий, тарихий ва диний қадриятлар, урф-одат ва анъаналар икки давлат ўртасидаги алоқаларни жадаллаштиришда табиий катализатор вазифасини ўтамоқда. 2020 йилдан буён қарийб етти баробар ўсган товар айланмасининг асосий йўналишларини хизматлар, минерал ёқилғи, озиқ-овқат ва кимё маҳсулотлари ташкил этади.

Таҳлиллар ўзаро маҳсулотлар етказиб бериш, қўшма корхоналар очиш, йирик минтақавий бозорларга чиқиш учун имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу маънода, 2024 йилнинг май ва август ойларида у ерда иккита бизнес-форум ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси уюштирилди. Ўз навбатида, юртимизда Кувайт бизнес делегацияси иштирокида бизнес-форум ўтказилди.

Таъкидлаш керакки, икки давлатнинг ташқи сиёсат концепциялари бир-бирига ўхшаш. Ўзбекистон ҳам, Кувайт ҳам ўз ривожланиш истиқболларини минтақаларидаги давлатлар билан яқин алоқада кўради. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг яхлитлиги ва барқарорлигида ҳал қилувчи роль ўйнаганидек, Кувайт Кўрфаз давлатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Яна бир муҳим жиҳати, мамлакатларимиз халқаро ташкилотлардаги иштироки доирасида умумий ёндашувларга эга. Масалан, Ўзбекистон ва Кувайт БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби йиғинларда ўхшаш фикр ҳамда таклифларни илгари сураётир. Ҳар икки давлат халқаро хавфсизлик муаммоларини ҳал этиш, барқарор ва инклюзив ривожланишга кўмаклашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни ёқлайди. Ўзбекистон ҳам, Кувайт ҳам иқтисодий ривожланиш стратегияларини белгилаб олиш билан бирга, иқтисодиётни модернизация ҳамда диверсификация қилишни ўз ички кун тартибининг марказига қўйган. Бу мақсадлар “Янги Ўзбекистон — 2030” ва “Нигоҳ — 2035” стратегияларида ўз ифодасини топган. 

Иқтисодий тараққиётнинг замонавий архитектураси

Иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга Ўзбекистон ва Кувайт бирдек қизиқиш билдиряпти. Бу икки давлатнинг халқаро ва минтақавий молиявий-географик аҳамияти ва стратегик мақсадлари билан чамбарчас боғлиқ.

Ўзбекистон Марказий Осиёда стратегик муҳим географик ўринни эгаллайди, чунки у минтақадаги мамлакатлар билан чегарадош бўлган ягона давлат. Ўзбекистон, шу билан бирга, Евроосиё бозорларига чиқиш дарвозаси. Бундан ташқари, мамлакатимиз асосий халқаро қуруқлик йўллари чорраҳасида жойлашган. Бу Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё жаҳон иқтисодиётининг янги моделида ўз мавқеини мустаҳкамлаб, Шарқ ҳамда Ғарбни боғловчи анъанавий транспорт йўлаги сифатидаги ролини тиклаётганини англатади.

Кувайтнинг жойлашуви ҳам минтақавий, ҳам глобал миқёсда стратегик аҳамиятга эга. У денгиз савдо йўллари чорраҳасида, Яқин Шарқ минтақасининг марказида жойлашган. Юқоридаги омиллар Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги саноат ҳамкорлиги ҳар икки давлатга учинчи мамлакат бозорларига чиқиш учун қулай имкониятлар яратишидан далолат беради. 

Яна бир эътиборга лойиқ омил, Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича Марказий Осиёдаги салоҳиятли давлат. Охирги етти йил ичида мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) икки баробарга ошди. Ўтган йил якунига кўра, Ўзбекистонда ЯИМ аввалги йилдагига нисбатан 6,5 фоизга ўсиб, 115 млрд. долларга етди. Глобал ва Яқин Шарқ иқтисодиёти учун катта аҳамиятга эга бўлган Кувайтнинг ялпи ички маҳсулоти эса 162 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.

Кувайт глобал энергия хавфсизлигининг замонавий архитектурасида ўзига хос ўринни эгаллайди. У нефть экспорти борасида етакчи ўнта давлатдан бири ва захираларига кўра Кўрфазда иккинчи, дунёда эса олтинчи ўринда. Ўзининг бой ресурслари туфайли жон бошига тўғри келадиган иқтисодиёти бўйича дунёда энг йирик давлатлардан бири.

Шу нуқтаи назардан, ҳамкорликнинг бир қанча йўналишлари Ўзбекистон ва Кувайт учун, айниқса, фойдали дейиш мумкин. Масалан, савдо йўналиши. Сўнгги беш йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 баробар ошди. Бироқ кўрсаткичлар ҳар икки томоннинг иқтисодий салоҳиятини тўлиқ акс эттирмайди. 

Инвестициялар бобида ҳам Кувайт салоҳиятли давлат. Масалан, “Investment Authority” компанияси молиявий имкониятлари бўйича Кўрфазда иккинчи, дунёда эса бешинчи ўринда. Унинг жорий активлари қарийб 1 трлн. долларга баҳоланган. Яна бир фонд — Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси ривожланаётган мамлакатларга имтиёзли грант ва кредитлар ажратувчи нуфузли ташкилотдир. Ўз навбатида, Ўзбекистон улкан имкониятларга эга муҳим сармоявий марказга айланмоқда. 2017 йилдан буён Ўзбекистонга қарийб 80 млрд. долларлик хорижий сармоя жалб этилди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон кувайтлик инвесторлар учун истиқболли йўналишга айланиши мумкин.

Ҳамкорликнинг муҳим йўналиши

Туризм ҳам ҳамкорликнинг асосий драйверларидан саналади. 2022 йилда Кувайт хизматлари импортининг деярли ярми шу соҳа билан боғлиқ. Кўрфаздан сайёҳлар сонини кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон бу давлатлар аҳолисига визасиз тартибни жорий этган. Шунингдек, “Кўрфаз — Марказий Осиё” ягона визасиз сайёҳлик маконини ва туристлар учун мўлжалланган замонавий кластерларни яратиш, қўшма туристик маҳсулотларни кўпайтириш мақсадга мувофиқ бўларди.

Ўзбекистон ҳамда минтақамиздаги бебаҳо исломий маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжолар, буюк аждодларимизнинг хоки ётган масканлар ҳар қандай араб дунёсидаги инсонни қизиқтирмай қолмайди, албатта. Гуманитар йўналишда мамлакатларимизда миллий маданият ҳафталиклари, маданий мерос кўргазмалари ташкил этилиши ҳам халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон рақамли иқтисодиётга ўтишга катта куч ва маблағ сарфлаётган давлат. Худди шундай Кувайт ҳам. Унинг АКТ бозори 22 млрд. доллардан ошади, Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиёти эса қарийб 4,5 млрд. долларга баҳоланмоқда. Шу боис Кувайтнинг рақамли инфратузилмани иқтисодиётга муваффақиятли интеграциялаш борасидаги бой тажрибаси биз учун айни муддао. Бу “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг устувор мақсадларига ҳамоҳангдир.

Қишлоқ хўжалигини ҳам алоқаларнинг истиқболли йўналишига айлантириш имконияти катта. Дейлик, Кувайт қишлоқ хўжалиги имкониятлари чекланган бўлиб, озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжнинг қарийб 94 фоизи импорт ҳисобидан қопланади. Бундай маҳсулотларни ишлаб чиқаришда юқори салоҳиятга эга Ўзбекистон эса Кувайт учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда кўмак бериши мумкин.

Айни пайтда икки давлат ўртасидаги таълим ҳамда илмий-техникавий ҳамкорлик йил сайин мустаҳкамланиб, янги йўналишларда янада кенгаймоқда. Кувайтнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари иштирокида Ўзбекистонда замонавий илмий-техник мажмуалар, бизнес-инкубаторлар ва стартап акселераторларни биргаликда яратиш бўйича кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш инновацион ғоялар, ихтиролар ҳамда технологияларни ривожлантириш ва тижоратлаштиришда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Ва мазкур ташаббуслар илмий изланишлар самарадорлигини ошириш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётнинг стратегик тармоқларига илғор технологияларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳудудларни ривожлантириш борасида ҳам Ўзбекистон Кувайт билан ҳамкорлик тажрибасига асосланган қатор лойиҳалар устида ишламоқда. Кувайт, асосан, рақамли технологиялар ва “яшил” инфратузилмани интеграциялашга қаратилган бир нечта йирик “ақлли шаҳар” лойиҳаларини амалга оширди. “Ақлли” шаҳарлар кўпинча энергия тежайдиган тизимлар, қуёш панеллари ва энергия тежовчи қурилмаларга таянади. Шу боис Ўзбекистонда “Ақлли шаҳар” концепцияси ишлаб чиқилиб, лойиҳа ижроси бўйича тажрибалар олиб бориляпти. Зотан, урбанизация билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, экологик вазиятни яхшилаш ва хавфсизликни таъминлашда “ақлли” технологиялар муҳим ўрин тутади.

Таъкид шуки, Марказий Осиё минтақасига бошқа давлатлар қатори араб мамлакатларининг қизиқиши кучайган, у бозор қонуниятлари асосидаги соғлом ҳамкорлик доирасида кенгайиб бориши муқаррар. Ўзбекистон Президентининг Кувайтга ташрифи давомида эришиладиган битимлар, келишув ва аҳдномалар ҳар икки давлат ва минтақаларимизнинг иқтисодий имкониятлари кенгайишига, халқларимизнинг фаровонлиги ошишига хизмат қилади.

Муҳиддин ПЎЛАТОВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ректори,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?