Ўзбекистоннинг Францияга экспорти импортидан 470 миллион АҚШ долларга ошиб кетди

15:02 12 Март 2025 Сиёсат
262 0

Жорий йилнинг 11 март куни Париж шаҳрида Франция-Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи арафасида ташкил этилди. Форумда икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари, шунингдек, 100 га яқин йирик компаниялар, молия институтлари ва бизнес ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида Ўзбекистон инвестисиялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов сўзга чиқиб, бизнес-форумнинг икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ўрнини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, форум Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, савдо-сармоя соҳасидаги янги имкониятларни ўрганиш учун муҳим платформа ҳисобланади.

Сўнгги йилларда ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. 2024 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард АҚШ долларга етди. Бу эса аввалги йилга нисбатан 14 фоизга кўпдир. Хусусан, Ўзбекистоннинг Францияга экспорти қарийб икки бараварга ошиб, 800 миллион АҚШ долларни ташкил этди, импорт эса 330 миллион долларни ташкил қилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 50 дан ортиқ француз компаниялари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Улар орасида Orano, SUEZ, Veolia, Total Energies, Voltalia, EDF, Lactalis, Airbus ва MND каби йирик компаниялар бор. Улар энергетика, инфратузилма, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, авиация, озиқ-овқат саноати ва туризм соҳаларида ўз тажрибаларини жорий этмоқда.

Лазиз Кудратов ўз нутқида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди. Жумладан, транспорт ва логистика боғлиқлигини ривожлантириш, савдо йўлакларини диверсификация қилиш, геология-қидирув ишларини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон эҳтиёжларига мос француз технологияларини жорий этиш масалалари кўтарилди. У, шунингдек, мамлакат иқтисодиётининг барқарорлигини ошириш ва сифат жиҳатидан ўзгартиришга хизмат қиладиган қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрликни билдирди.

Форум доирасида MEDEF International раиси ва «Orano» компанияси директорлар кенгаши раиси Клод Имовен Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолаб, француз ишбилармон доираларини мамлакат бозорига фаол кириб боришга чақирди. Бундан ташқари, B2B ва G2B форматидаги учрашувлар ўтказилиб, ишбилармон доираларга ўзаро мулоқот қилиш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини ўрганиш учун қулай имконият яратилди.

Форум якунлари бўйича қишлоқ хўжалиги, энергетика, яшил иқтисодиёт, шаҳарсозлик, сув таъминоти, транспорт, кончилик, соғлиқни сақлаш ва таълим каби соҳаларда 20 дан ортиқ битим ва шартномалар имзоланди. Ушбу келишувлар икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер