Ўзбекистоннинг 32 та мерос объекти Жаҳон мероси рўйхатига таклиф қилинди

Ўзбекистон делегацияси 16–31 июль кунлари UNESCO Жаҳон мероси қўмитасининг 44-сессиясида иштирок этди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, 16–31 июль кунлари Жаҳон мероси қўмитасининг кенгайтирилган 44-сессияси бўлиб ўтган ва унда бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Aзиз Aбдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этган. Тадбир Хитойнинг Фучжоу шаҳрида «гибрид» режимда бўлиб ўтган.
Унда айтилишича, Ўзбекистоннинг Жаҳон мероси рўйхатига киритиш учун таклиф қилган объектлари бўйича янгиланган рўйхат тасдиқланган. Дастлабки рўйхат республика бўйлаб жойлашган 32 та маданий, табиий ва маданий-табиий мерос объектини ўз ичига олган, бу минтақанинг бошқа давлатларига нисбатан энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Қайд этилишича, делегация Бутунжаҳон маданий мероси объектлари ҳисобланган «Шаҳрисабзнинг тарихий маркази», «Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси», «Бухоронинг тарихий маркази» ва Хивадаги Ичан қалъа, шунингдек, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иштирокидаги кўп миллатли табиий мерос объекти «Ғарбий Тян-Шан» бўйича Ўзбекистон учун ижобий қарорлар қабул қилинишини таъминлаган.
Таъкидланишича, UNESCO 2020 йилнинг аксар қисми қатъий карантин чекловлари шароитида ўтгани сабабли Ўзбекистон вазифаларни амалга ошириши учун вақт талаб этишини ҳисобга олиб, «Шаҳрисабз тарихий маркази» объектини тиклаш ишлари ижроси муддатини яна бир йилга узайтирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухородаги тарихий обидалар Ислом олами мероси рўйхатига киритилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Қорақалпоғистоннинг тарихий ёдгорликларини UNESCO рўйхатига киритиш учун тадқиқот бошлангани ва Франциядаги музейда Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишланган кўргазма ўтказилиши маълум қилинган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг