Ўзбекистонлик тадбиркорлар 26 млн долларга «шок» усулида музлатилган олча экспорт қилди

15:05 30 Июль 2025 Сиёсат
190 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида йил бошида «мева – ҳудуд – хорижий давлат» тизими асосида ишлар ташкил қилингани, шунга қарамай, вазирлик ва идоралар, ҳокимлар ҳалигача эскича ёндашув билан ишлаётгани қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўтган йили мева-сабзавот экспортининг 75 фоизи май октябрга, яъни жаҳон бозори маҳсулотга тўйинган, нархлар арзонлашган даврга тўғри келган. Ноябрь мартда эса нарх 2-3 баробар қиммат бўлади.

Экспортга масъуллар ўзи янгилик қилолмаса, тадбиркорлардан ўрганиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Масалан, аввал 1 килограмм олча 30 центга ҳам сотилмаган. Илғор экспортчиларимиз бу йил 9 минг тонна «шок» усулида музлатилган олчани 26 миллион долларга экспорт қилган. Ўзимизда олча етишмагани учун импорт қилиб, музлатиб, реэкспорт қилишни ҳам бошлашган.

Шунинг учун ҳам дала четида экспортбоп маҳсулотлар, хусусан олчани кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Жорий йилда 2 минг 600 гектар дала четига экилган экинлар сувсизлик сабабли қуриб қолган. Жондор, Оҳангарон, Ғаллаорол, Тўрақўрғон ва Янгибозор туманлари дала четида томчилаб суғориш бўйича яхши тажриба қилди. Вилоят ҳокимларига ушбу тажриба асосида экин қуриб қолган 2 минг 600 гектарда томчилаб суғоришни жорий қилиш топширилди.

Шунингдек, мева-сабзавот замонавий қадоқда экспорт қилинса, кўпроқ даромад олиш мумкин. Бу йил ҳудудларда 16 та замонавий қадоқ ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга тушди. Бу йўналишдаги ишларни кучайтириш, йил якунигача яна 15 та бундай корхонани ишга тушириш зарурлиги қайд этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?