Ўзбекистондаги ЯТТ сони 300 мингга яқинлашди

10:32 12 Ноябрь 2024 Иқтисодиёт
282 0

Фото: Иллустратив

2024 йил 1 ноябрь ҳолатига Ўзбекистонда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар сони 299 минг 111 нафарга этди. Йил бошидан бери рўйхатдан ўтган янги тадбиркорлар сони эса 138 минг 257 нафарни ташкил этди.

Бу кўрсаткичлар якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятининг мамлакатда тобора кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда «Фискал таҳлиллар» хабар берди.

Маълум бўлишича, тадбиркорларнинг катта қисми, яъни 84 фоизи қатъий миқдорда даромад солиғи тўлаётган бўлса, 15,1 фоизи айлана даромад солиғи, 0,9 фоизи эса қўшилган қиймат солиғи тўлайди. Солиқ тўлов турлари орасидаги бу тафовут, асосан, тадбиркорларнинг фаолият турлари ва кўлами билан боғлиқ. Кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун қатъий солиқ тизими қулайлик яратиб, уларнинг фаолиятини расмийлаштиришни осонлаштираётганини ҳам қайд этиш зарур.

Чакана савдо, маиший хизмат кўрсатиш ва ҳунармандчилик энг оммабоп соҳалар ҳисобланади. Айниқса, чакана савдо соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар сони 140 минг 124 нафарга етган бўлиб, бу умумий тадбиркорларнинг сезиларли қисмини ташкил этади. Маиший хизмат кўрсатиш ва ҳунармандчилик соҳалари эса ўз навбатида ўз эҳтиёжларини қондиришга ва маҳаллий бозорда хизматлар кўрсатишга қаратилган.

Шунингдек, ҳудудлар бўйича таҳлилга кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти энг кўп тадбиркорлик фаолиятига эга ҳудудлар қаторидадир. Тошкент шаҳрида 39 минг 577 нафар, Тошкент вилоятида эса 28 минг 97 нафар тадбиркор фаолият юритмоқда.

Бу рақамлар шуни кўрсатадики, пойтахт ва унга яқин ҳудудлар тадбиркорлик учун қулай шароитга эга бўлиб, аҳолининг бандлиги ва иқтисодий фаоллиги юқоридир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер