Ўзбекистондаги ўзгаришлар БМТ Бош Ассамблеясида юксак баҳоланди

13:30 04 Октябр 2023 Сиёсат
283 0

Бирлашган Милатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиялари мамлакатлар раҳбарлари минтақа ва халқаро ҳаётнинг энг муҳим муаммоларини баён этишлари учун муҳим майдон ҳисобланади. Бош Ассамблеянинг 78-сессияси ҳам халқаро муносабатлар тизимида фундаментал ўзгаришлар юз бераётган бир шароитда ўтди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Ташкилот билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди. Давлатимиз раҳбари одатда мазкур нуфузли тузилма минбаридан туриб сўзлаган нутқларида жаҳон ҳамжамияти эътиборини сайёрамиз аҳолиси учун ўта муҳим масалаларга қаратади, бу бўйича қатор муҳим таклифларни илгари суради.

Ушбу ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилиб, БМТнинг расмий ҳужжатларида акс этмоқда. Президентимиз Бош Ассамблеянинг 78-сессиясидаги тарихий нутқида ҳам замонамизнинг долзарб муаммолари, уларни ечишга қаратилган аниқ таклифларни илгари сурди.

Биринчидан, Ўзбекистон БМТ Бош котиби томонидан илгари сурилган «Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори» борасидаги ташаббусни қўллаб-қувватлайди. Ушбу ташаббус доирасида тажриба алмашиш учун давлатимиз раҳбари 2024 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида «Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл» бутунжаҳон конференциясини юртимизда ўтказишни таклиф қилди.

Иккинчидан, мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашни бутун дунё миқёсида кучайтиришга чақирди. Керак бўлса, ҳаётда ўзини оқлаган Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш тавсия этилди. Зеро, Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатимизда болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилди.

Учинчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш, унинг доирасида «Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030» дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Чунки аҳолисининг деярли ярми ёш авлод вакиллари бўлган Марказий Осиё учун ёшлар ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи айниқса, долзарб аҳамиятга эга. Ушбу соҳада ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Душанбеда бўлиб ўтган саммити доирасида минтақамиз давлатлари томонидан Ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари ҳақидаги битим имзоланди.

Тўртинчидан, 2024 йили Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказиш таклиф этилди. Бу бежизга эмас. Хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувида фаол иштирок этиши бугунги куннинг долзарб масаласига айланган. Ўзбекистон миллий сиёсати марказида турадиган энг эзгу мақсад – оилалар мустаҳкамлигини, аёлларимизнинг ҳуқуқий ҳимояси ва осойишта ҳаётини таъминлашдан иборат бўлиб, гендер тенгликка эришиш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, ўтган йили олийгоҳларга қабул қилинган талабаларнинг 49 фоизини қизлар ташкил этди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ва парламентдаги улуши биринчи марта 35 фоизга етди. Аёллар ва вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида алоҳида қонун қабул қилинди. Шу маънода Ўзбекистон «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – Хотин-қизлар» тузилмаси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор.

Бешинчидан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилишини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари» механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва татбиқ қилишга даъват этди. «Марказий Осиё иқлим мулоқоти»ни жорий этиш таклиф этди.

Зеро, ҳозирги вақтда дунёда кескин экологик вазият кузатилмоқда. Сайёрамиз миқёсида учта инқироз, яъни иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучаймоқда. Ана шундай мураккаб шароитда Орол денгизи фожиасини бошдан кечираётган Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланмоқда.

Сир эмаски, кейинги 30 йилда минтақамизда ҳаво ҳарорати бир ярим даражага кўтарилди. Бу – дунёдаги ўртача исишдан икки карра кўпдир. Оқибатда музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йигирма йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин. Жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши кутилмоқда.

Агар ўз вақтида таъсирчан чоралар кўрилмаса, ушбу муаммолар оқибатлари минтақамиздаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликка жиддий путур етказади. Ушбу муаммоли вазиятдан келиб чиқиб, Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик» резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. Унинг асосий мазмуни келгуси йил Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро иқлим форумида муҳокама қилиш таклиф этилди.

Ишончим комилки, Президентимизнинг БМТ юксак минбаридан туриб илгари сурган аниқ таклиф ва амалий ташаббуслари минтақада ва дунёда мустаҳкам тинчлик ва фаровонликка, ўзаро ишонч, бирдамлик ва ҳамкорлик руҳи қарор топишига хизмат қилади.

Абдумалик АКРОМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?