Жиззахда «чигирткалар босқини» юз бергани ростми?

02:57 14 Июнь 2025 Жамият
203 0

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятининг Зомин туманида чигирткаларнинг катта тўдалари пайдо бўлгани тасвирланган видеолар тарқалди. Ушбу ҳолатга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги изоҳ берди.

Маълум қилинишича, тарқалган хабарлардаги ҳолат 11 июнь куни тасвирга олинган. Унда туманда Карантин агентлигининг Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати ходими кимёвий ишлов олиб борилишидан олдин маҳалла аҳолисига тушунтириш ишларини олиб бораётган бўлган.

Ҳозирда ҳудуд зарарсизлантирилиб, чигирткалар тўдаси бартараф этилгани айтилди.

Таъкидланишича, жорий йилда 608 минг гектар майдонда кимёвий ишлов олиб борилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 99 300 гектар Жиззах вилоятида ўтказилиши керак бўлган. Ҳар куни республика бўйича тахминан 7-8 минг гектар ерга кимёвий ишлов берилмоқда.

Шунингдек, мавсум бошидан буён 1000 дан ортиқ техника, 650 нафардан ортиқ ишчи ходим жалб этилиб, кураш тадбирлари давом этмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда 2025 йилда 608 минг гектар майдонда чигиртка тарқалиши прогноз қилинганди. Шунга қарамасдан, иқлим ўзгариши, йил сайин ҳаво ҳароратининг ошиб бораётгани зарарли чигирткалар майдони кенгайишига олиб келиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?