Ўзбекистонда уй-жой нархлари ҳақиқий қийматидан 17 фоизга қиммат

2024 йилда уй-жой бозоридаги нархлар ўсиши тўхтаганига қарамай, нархлар ҳали ҳам ўзининг ҳақиқий қийматидан ўртача 17 фоизга юқори бўлиб қолмоқда. Бу ҳақида Марказий банкнинг сўнгги таҳлиллари келтирилган «Молиявий барқарорлик шарҳи»да маълум қилинди.
Унда айтилишича, 2024 йилда уй-жойларнинг бозор нархи фундаментал нархига нисбатан 17 фоизга юқори шаклланган. Шунингдек, кўчмас мулк бозорида фаоллик пасайган. Банклар томонидан ипотека кредит ажратиш стандартлари эса қатъийлашган.
Бу ҳолат аҳолининг ҳақиқий даромадлари ва кредит шартларига нисбатан уйлар ҳали ҳам жуда қиммат эканидан далолат беради.
Маълумот учун, 2023 йилда уй нархлари 18,2 фоизга ошган бўлса, 2024 йилда бу ўсиш анча секинлашган. Бу айниқса ипотека шартларининг оғирлашгани ва бозорда реал нархлар шакллана бошлаши билан боғлиқ. Ипотека фоизларининг ўсиши, тўлов муддатининг қисқариши натижасида аҳолининг қарз тўлаш имконияти ҳам камайиб борган.
Ўтган йили ўртача иш ҳақи 17,8 фоизга ўсган бўлса, ипотека тўловлари 44 фоизга кўтарилган. Шу туфайли одамларнинг уй харид қилиш қобилияти 27 фоизгача пасайган.
2024 йил давомида 329 мингта уй сотилган бўлиб, бу кўрсаткич 2023 йилгига нисбатан 2,2 фоизга кам. Ипотека кредитлари ҳажми 17,1 триллион сўмни ташкил этган ва унинг 92 фоизи уй сотиб олишга йўналтирилган.
Ипотека кредитларининг ўртача миқдори 291 миллион сўмни ташкил этган. Бу 2023 йилга нисбатан 18 фоизга кўпдир. Кредит фоиз ставкалари ўртача 0,5 фоизга ошиб, 19,8 фоизни ташкил қилган.
Марказий банк маълумотларига кўра, талабнинг пасайиши ва кредит шартларининг оғирлашиши банклар учун ҳам таваккалчиликни камайтиради. Молиявий барқарорликка таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хатарлар сақланиб қолмоқда. Бундай хатарлар қаторига ташқи молиялаштириш манбаларнинг қимматлашуви, уй-жойлар нархларининг ортиқча баҳоланиши, микроқарзларнинг юқори суръатларда ўсиши ҳамда киберҳужумларнинг ортиб боришини киритиш мумкин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг