Ўзбекистонда қишки трансферлар ойнаси очилди

14:03 05 Декабрь 2025 Спорт
412 0

Бугун, 5 декабрь куни Ўзбекистон клублари учун расмий равишда қишки трансферлар ойнаси очилди. Бугун ушбу ойна давомида клубларга берилган имтиёзлар ва чекловлар ҳақида маълумотларни кўриб чиқамиз.

Ўзбекистонда қишки трансферлар ойнаси 2025 йилнинг 5 декабрь санасидан 2026 йилнинг 20 февралига қадар давом этади.

“Ўзбекистон Суперлига ва Про лига“ регламентининг 11.4 бандида қуйидагилар келтирилган:

“Суперлига клуби қишки трансфер ойнасида 10 нафар ва ёзги трансфер ойнасида 5 нафар футболчи, шунингдек, ҳар икки трансфер ойнасида бир нафар дарвозабондан ортиқ бўлмаган янги футболчини рўйхатдан ўтказиши учун рухсат этилади.

Шу мавсумда Суперлига қатнашчилари сафига қўшилган клубга қишки трансфер ойнасида 15 нафаргача янги футболчини рўйхатдан ўтказиш учун рухсат этилади“.

Яъни, 2026 йил Суперлигага қўшиладиган “Локомотив“ клуби қишда 15 та янги футболчи билан шартнома имзолаш ҳуқуқига эга. Агар Нукуснинг “Арал“ жамоаси Суперлига плей-оффидан ўта олса, мазкур имтиёз “Арал“ клубига ҳам берилади.

Ижара келишувлари – 11.5-банд

Регламентнинг 11.5 бандида ижара шартномалари ҳақида гап боради. Унга кўра:

Суперлига клублари бошқа жамоадан ижара асосида футболчи олса, бу ҳам амалдаги лимит доирасида ҳисобланади.

Клуб томонидан бошқа жамоага ижарага берилган ва бу йил жамоага қайтариб олинган футболчилар эса янги футболчи сифатида қайд этилмайди ва уларнинг трансфери амалдаги лимитга кирмайди.

Ёш футболчилар бўйича имтиёзлар – 11.6-банд

Ушбу регламентнинг 11.6 бандида ёш футболчилар билан шартнома имзолаш тартиби ҳақида сўз боради. Унга кўра:

2004 йил ва ундан кейин туғилган футболчилар,

2003 йил ва ундан кейин туғилган дарвозабонлар билан шартнома имзоланса, бу трансферлар лимитдан ташқари ҳисобланади.

Легионерлар бўйича лимит – 12-боб

Регламентнинг 12 бандида легионер (хорижлик) спортчи ва мураббийлар билан шартнома имзолаш тартиби тушунтирилган.

12.4-банд:

Клублар мавсум учун жами 6 та легионер футболчи билан шартнома имзолаш ҳуқуқига эга.

12.2-банд:

Лига рўйхатидан ўтадиган легионер футболчиларнинг тоифаланиши келтирилган:

“2006 йил ва ундан кейин туғилган, сўнгги икки мавсум давомида ўз мамлакати терма жамоасининг расмий мусобақа доирасидаги ўйинларида камида икки марта майдонга тушган футболчи — биринчи тоифадаги легионер ҳисобланади“.

Клублар биринчи тоифадаги легионерларни қишки трансферлар лимитидан ҳам, легионер лимитидан ҳам ташқари рўйхатдан ўтказиши мумкин.

Лимитдан ташқари рўйхатдан ўтказиш имконияти

Ўзбекистонда трансфер ойнаси 5 декабрь санасида очилгани сабабли, клубларнинг 5 декабргача Лига томонидан рўйхатдан ўтказилган футболчилари лимитдан ташқари ҳисобланади.

Маълумот учун, бу йил Суперлиганинг 4 та клуби жами 13 нафар футболчини лимитдан ташқари рўйхатдан ўтказишга муваффақ бўлди.

Клублар ва лимитдан ташқари рўйхатдан ўтказилган футболчилар билан танишинг:

“Андижон“ клуби:

Раҳимжон Давронов — (“Локомотив“)

Игор Голбан — (“Насаф“)

Иброҳим Йўлдошев — (ОКМК)

Жамшид Болтабоев — (“Навбаҳор“)

Ҳумоюнмирзо Иминов — (“Хоразм“)

Имеда Ашортия — (“Бунёдкор“)

Немания Чаласан — (“Елимай“, Қозоғистон)

“Навбаҳор“ клуби:

Ислом Мамадқозин — (“Андижон“)

Умар Адҳамзода — (“Пахтакор“)

Дилшод Комилов — (“Қизилқум“)

Диёр Ҳолматов — (“Пахтакор“)

“Бунёдкор“ клуби:

Билолхон Тошмирзаев — (“Нефтчи“)

“Нефтчи“ клуби:

Иззатилло Пўлатов — (“Бухоро“)

Муҳаммадамин Зуҳриддинов,

“Халқ сўзи“.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?