Ўзбекистонда қайси олийгоҳ талабалари энг кўп жиноят содир этгани маълум қилинди

23:11 05 Сентябр 2025 Жамият
141 0

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда талабалар томонидан 300 дан ортиқ жиноят содир этилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида талабалар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш масаласи кўриб чиқилиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповга парламент сўрови йўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Таъкидланишича, олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини самарали ташкил этиш, талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, маънавий-маърифий ишлар олиб бориш ҳамда ота-оналар билан ҳамкорликни кучайтиришга етарли эътибор қаратилмаяпти. Бу эса соғлом муҳит шаклланмаслигига, айрим ҳолларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга олиб келаётгани қайд этилди.

2025 йил январь-июнь ойларида 102 та олийгоҳ талабалари жами 307 та жиноят содир этган.

Сенат маълумотларига кўра, жиноятларнинг асосий қисмини йўл-транспорт ҳодисалари, ўғирлик, тан жароҳати етказиш, безорилик ва фирибгарлик ҳолатлари ташкил этади. Ҳудудлар кесимида энг кўп жиноят Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Наманган, Андижон, Самарқанд, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларига тўғри келмоқда.

Олийгоҳлар кесимида эса жиноятлар кўп қайд этилган таълим муассасалари қуйидагилар:

— Тошкент давлат транспорт университети,

— Ўзбекистон Миллий университети,

— Тошкент давлат техника университети,

— Тошкент ахборот технологиялари университети,

— Тошкент давлат иқтисодиёт университети.

Шунингдек, айрим олийгоҳларда дарс жараёнини мунтазам назорат қилиш йўлга қўйилмагани ва давомат етарлича мониторинг қилинмаётгани боис, жиноятлар ҳатто дарс вақтида – соат 08:00 дан 16:00 гача содир этилгани қайд этилди.

Бундан ташқари, айрим олийгоҳларда тюторларни бириктириш тартибига риоя этилмаётгани, талабаларнинг ётоқхонага кириб-чиқиши, яшаши ва кечаси туриши етарлича назорат қилинмаётгани ҳам маълум қилинди.

Сенаторлар таъкидлашича, кейинги йилларда олий таълим соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилганига қарамай, бу соҳада фаолият юритаётган айрим шахсларга нисбатан коррупция ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган.

«Бу эса аҳолининг қонуний эътирозлари кўпайишига, адолатсизликка оид шикоятлар кескин ортишига олиб келмоқда», — дейилади Сенат ахборотида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?