Ўзбекистонда ўқишга кира олмаган абитуриентлар учун қўшимча имкониятлар берилади

14:09 22 Сентябр 2025 Жамият
269 0

Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг тегишли баёни тасдиқланди. Бу ҳақида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

Унда айтилишича, бакалавриат таълим йўналишларида вакант қолган ўринлар учун танлов ўтказилади.

Бунда 56,7 балл ва ундан юқори натижа кўрсатган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган, шу жумладан рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида олий таълим ташкилоти ва бакалавриат таълим йўналишларини танламаган абитуриентларга ҳам имконият яратилади.

Шунингдек, кириш имтиҳонлари натижаларига кўра абитуриентлар учун табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга кириш имконияти ҳам берилади.

Шунингдек, республикада фаолият кўрсатаётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмалари тасдиқланган.

Билдирилишича, Қорақалпоғистон Республикаси ёшлари учун қўшимча грант ва тўлов-контракт ўринлари ажратилди.

Бундан ташқари, Президент гранти учун ажратилган квоталарнинг таълим соҳалари бўйича тақсимоти ҳамда давлат олий таълим ташкилотларининг магистратура мутахассисликларига танлов натижалари ҳам тасдиқланган.

«Мазкур қарор абитуриентлар учун олий таълимга кириш имкониятларини янада кенгайтириш ва ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини оширишга хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?