Ўзбекистонда коммунал тўловларни ундириш тартибига ўзгартириш киритилди

08:54 13 Ноябрь 2024 Жамият
361 0

Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коммунал тўловларни суд орқали ундиришда қулайликлар яратишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонунни имзолади.

Ҳужжат билан Фуқаролик процессуал кодексга кўп квартирали уйнинг жойлари мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловларни ундириш бўйича суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза билан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этилганда аризага илова қилиниши зарур бўлган ҳужжатлар рўйхатини белгилашни назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.

Яъни, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага қуйидагилар ҳам илова қилиниши лозим:

  • кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорлари умумий йиғилишининг кўп квартирали уйни бошқариш усулини танлаш тўғрисидаги қарорининг кўчирма нусхаси;
  • кўп квартирали уйни бошқариш шартномасининг кўчирма нусхаси — кўп квартирали уйни бошқариш органи томонидан шартнома асосида амалга оширилган тақдирда;
  • қарз юзага келган давр кўрсатилган қарз ҳисоб-китоби;
  • қарзни узиш тўғрисидаги талабнинг қарздорга топширилганлигини тасдиқловчи маълумотлар.

Бундан ташқари «Давлат божи тўғрисида»ги қонунда кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ўзлари кўрсатган хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш ҳақидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар билан фуқаролик ишлари бўйича судларга ҳамда иқтисодий судларга мурожаат қилишда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда.

Бунда уларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.

Қонун 8 ноябрдан кучга кирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер