Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун жамғарма тузилади. Унга ҳар йили бюджетдан 300 миллиардгача пул ва турли имтиёзлар берилади

14:25 03 Февраль 2021 Жамият
1362 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳада келтирилишича, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси негизида «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси» ташкил этилади.

Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси орқали Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги «Обод ва хавфсиз маҳалла» жамғармасига (жами маблағнинг 20 фоизи) ва «Маҳалла ва оила» институтига (жами маблағнинг 10 фоизи) Давлат бюджетидан ажратиб келинган маблағлар 2021 йилдан бошлаб Молия вазирлиги томонидан тўғридан-тўғри «Обод ва хавфсиз маҳалла» жамғармасига ва «Маҳалла ва оила» институтига ажратилади.

Жамғарманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган, I ёки II гуруҳ ногирон фарзандларини тарбиялаётган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга

уй-жойларни бошланғич бадалини тўлаб бериш;

хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлиғини сақлаш, аёллар спортини ривожлантириш, меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашиш;

хотин қизларга уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун тижорат банкларига ресурс маблағларини жойлаштириш;

хотин-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллаши учун зарур шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашиш.

Республика кенгашига хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш бўйича янги инновацияларни жорий этиш соҳасида тадқиқотлар ўтказиш, қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек ўз зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни самарали бажариш учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан жисмоний ва юридик шахсларни, шу жумладан малакали хорижий олим ва мутахассисларни шартномалар (контрактлар) асосида жалб қилиш ҳуқуқи берилади.

Жамғарма Ижро этувчи дирекциясига Васийлик кенгаши томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган ижрочи директор раҳбарлик қилади.

Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

Республика кенгашининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ ҳар йили 300 миллиард сўмгача бўлган миқдорда ажратиладиган Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан тасдиқланган Давлат бюджети маблағлари;

вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма томонидан АТ Халқ банкига ҳар йили 100 миллиард сўм миқдоридаги ресурс Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан 4 фоиз паст ставкада йўналтирилади.

Мазкур маблағлар Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган дастурлар асосида ташкил этилган ўқув курслари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «Ишга марҳамат» мономарказлари, касб ҳунарга ўқитиш марказлари, маҳаллалардаги касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ҳамда Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ёки нодавлат таълим муассасаларининг касбга ўргатиш ўқув курсларининг махсус ўқитиш дастурларини муваффақиятли ўзлаштирган хотин-қизларга туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича биринчи ўринбосари тавсиясига кўра тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 3 йил муддатгача 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача бўлган миқдорда йўналтирилади.

Бунда, ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкалари истисно тариқасида 2022 йил 1 январга қадар Марказий банкнинг асосий ставкаси доирасида, 2022 йил 1 январдан тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда берилади. Тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларнинг бир қисмини компенсация қилиш механизми қўлланилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?