Ўзбекистонда биринчи дуал таълим тизими ташкил этилмоқда

У мамлакатимизда биринчи бўлиб Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда “BCT Cluster” ва “TСT Cluster” кластерлари ҳамкорлигида йўлга қўйилмоқда.
Илм-фанни иқтисодиётнинг асосий драйверига айлантириш ва бозор талаблари асосида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш шу куннинг долзарб вазифаларидан саналади. Мамлакатимиз раҳбарининг таълим тизимини давлат-хусусий шериклик асосида ривожлантириш ғояси замирида ана шу мақсад ётибди.
Эътиборлиси, давлат-хусусий шериклик тамойили мамлакатимиз олий таълим тизимида биринчи бўлиб Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти томонидан амалиётга татбиқ қилинмоқда. Бу борада яқин ҳамкор сифатида Бухородаги “BCT Cluster” ва Қуйи Чирчиқ туманидаги “TСT Cluster” пахта-тўқимачилик кластерлари танланди. Институт ва шу икки кластер ўртасида “Кадрларни мақсадли тайёрлаш, ўқув-илмий ва маркетинг соҳалари бўйича ўзаро ҳамкорлик” тўғрисидаги шартнома имзоланди. Шу тариқа томонларнинг давлат-хусусий шериклик асосидаги ҳамкорлигига мустаҳкам замин яратилди.
Куни кеча Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ўқув ишлари бўйича проректори, “OSIYO RAMZI” республика дизайнерлар ассоциацияси раҳбари, Париж халқаро модалар академияси вице-президенти Холида Комилова раҳбарлигида таълим даргоҳининг бир гуруҳ вакиллари “BCT Cluster”пахта-тўқимачилик кластерининг Бухоро шаҳридаги замонавий тўқимачилик мажмуасига ташриф буюрдилар. Улар ўзида бешта фабрикани бирлаштирган мажмуадаги пахта толасини чуқур қайта ишлаш технологияси билан яқиндан танишдилар.
— Кластерда барча иш жараёни занжирли, — дейди Х. Комилова. — Биз таълимда ҳам худди шундай тизимни йўлга қўймоқчимиз. Кадрлар тайёрлашда нафақат институт, балки мактаб – коллеж – техникум – олий ўқув юрти тизими ишлаши керак. Институтимизда кластер талабидан келиб чиққан ҳолда барча бўғиндаги малакали мутахассисларни тайёрлашни йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда. Аниқроқ қилиб айтганда, дуал таълим тизимини жорий этиш режалаштирилган. Бу таълим тизимига Германияда асос солинган. Бугунги кунда у Европа Иттифоқи ҳамда бошқа бир қатор давлатларда жорий этилган. Унга кўра, Германияда уч ойлик ўқиш, уч ойлик иш тамойили амал қилади. Биз эса таълимни ишдан ажралмаган ҳолда йўлга қўймоқчимиз. Бунда махсус ўқув-режа ва дастурлар ишлаб чиқилиб, мобиль, янада аниқроқ айтганда, мослашувчан таълим тизими танланади. Шу тамойил асосида профессор-ўқитувчиларимиз кластер тизимидаги корхоналарда кунинг биринчи ярмида стажировка ўтайдилар. Куннинг иккинчи ярмида эса кластер ишчиларига таълим берадилар.
Бунинг афзал жиҳатлари кўп. Профессор-ўқитувчилар жараёндан мунтазам хабардор бўлишади. Янги технология кириб келса, буни улар ўз кўзлари билан кўришади, билишади. Тўқимачилик саноатида технологиялар ҳар уч йилда янгиланади. Мода ҳар йили ўзгаради. Демак, янги мато пайдо бўлаяпти. Унинг структураси бошқа, фактураси, ранги бошқа. Бинобарин, бизнинг ишчи-ходимларимиз ҳам шу янгиланишларга тайёр туришлари, мослашувчан бўлишлари керак. Бир сўз билан айтганда, ҳаётнинг ўзи замонавий билим ва технологияларни ўзлаштирган янги авлод кадрларини тайёрлашни тақоза этмоқда.
— Кейинги уч-тўрт йил ичида барча соҳада инқилобий ўзгаришлар бўлаяпти, — деди ўз навбатида иқтисод фанлари доктори, профессор, Нью-Йорк фанлар академияси академиги, “BCT Cluster” ва “ТCT Cluster” кластерлари раҳбари, сенатор Муртазо Раҳматов. — Шулардан бири қишлоқ хўжалигини қамраб олади. Мен соҳада кластерларнинг жорий этилганини назарда тутаяпман. Биласиз, мана икки йилдирки, биз муҳтарам Президентимиз ғоялари билан Бухорода чигит экишдан тортиб, хом ашёни чуқур қайта ишлашгача бўлган занжирсимон жараённи йўлга қўйдик. Юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқараяпмиз. Тажриба кўрсатаяптики, илм-фан ва техника ютуқлари ишлаб чиқариш билан чамбарчас боғланмаса муваффақиятга эришиб бўлмайди. Шу боисдан ҳам Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда бошқа бир қатор олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Тажрибали профессор-ўқитувчилар, олимларнинг тавсиялари асосида ишлаяпмиз. Шу ўринда бир муҳим масала хусусида тўхталиб ўтиш лозим. Бошқа йўналишлар қаторида тўқимачилик соҳасида ҳам малакали мутахассисларга эҳтиёж катта. Биз ҳозирча хорижлик мутахассисларни жалб этган ҳолда бу масалага ечим топиб турибмиз. Асосий муаммо шундаки, ўрта бўғин кадрлар тайёрлаш тизимли йўлга қўйилмаган, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси узилиб қолган. Биз давлат-хусусий шериклик асосида, аввало институт ва кластер ўртасида интеграцияни чуқурлаштириб, назария ҳамда амалиёт уйғунлигига эришиш мақсадидамиз.
Учрашув якунида таъкидланганидек, давлат-хусусий шериклик асосида олиб бориладиган дуал таълим тизими мактабдан то докторантурагача бўлган босқичларни тўлиқ қамраб олади. Бу эса малакали кадрлар тайёрлаш, Ўзбекистон иқтисодиётини кескин ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартиришга хизмат қилади.
Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг