Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари юқори баҳоланди

11:42 26 Апрель 2018 Сиёсат
53245 0

Кеча Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан “Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади.

Анжуманнинг “Аҳолини кучли ижтимоий муҳофаза қилишни ташкил этишда давлатнинг етакчилик роли” мавзуига бағишланган биринчи ялпи мажлисини Ўзбекистон Касба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.

Тадбирда Халқаро Меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси Умумевропа минтақавий кенгаши, Халқаро иш берувчилар ташкилоти раҳбарлари, 30 дан ортиқ мамлакатлардан келган халқаро экспертлар ҳамда йирик олимлар, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Афғонистон, Албания, Озарбайжон, Беларусь, Болгария, Хитой, Эстония, Грузия, Италия, Латвия, Литва, Малайзия, Молдова, Непал, Сербия, Туркия, Замбия каби давлатлар касаба уюшма марказлари, шунингдек, мамлакатимиз парламенти аъзолари, суд ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Нарбаева, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Қ. Рафиков, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори А. Бурҳонов, Савдо-саноат палатаси раиси А. Икрамов, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш. Кудбиев ҳамда бошқалар мамлакатимизда одамлар манфаатларини таъминлаш, халқимиз ҳаётини янада фаровон этиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар юртдошларимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланаётганини таъкидлади.

Мазкур анжуманни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида юртимизда ҳаётга изчил татбиқ қилинаётган мутлақо янгича ижтимоий сиёсат мазмун-моҳиятини дунё жамоатчилигига етказиш ҳамда давлат органлари, касаба уюшмалари, Савдо-саноат палатаси, шунингдек, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг аҳолини ижтимоий муҳофаза этиш борасидаги ҳамкорлиги ва шериклиги истиқболларини белгилаб олишдан иборат.

Айни чоғда ушбу тадбир ижтимоий-меҳнат масалаларини ҳал қилишда бевосита қатнашаётган экспертларнинг таклиф-мулоҳазалари, тажрибаларини конструктив муҳокама этиш, ўзаро фикр алмашиш учун халқаро майдон вазифасини ўташи билан ҳам аҳамиятлидир. Ўз навбатида, бу Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга очиқлигини, мазкур йўналишда фаол, амалий ҳамкорликка, халқаро ҳамда чет эл тажрибасини ўрганиш ва ҳаётга кенг татбиқ қилишга тайёр эканлигини ҳам кўрсатади.

Ҳаракатлар стратегиясида БМТнинг уч асос солувчи чақириғи, яъни тинчлик ҳамда хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари ўз аксини топганлиги иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди. Ушбу тамойиллар ҳаётда ўз ифодасини топаётгани эса алоҳида эътирофга лойиқ. Буни Ўзбекистонда Давлат бюджети ҳаражатларининг 60 фоизи ижтимоий соҳалар — таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, аҳоли кам таъминланган қатламларини ижтимоий ҳимоялашга йўналтирилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Натижада мамлакатда “Инсон манфаатлари барча нарсадан устун” деган улуғвор ғоя ҳаётдан мустаҳкам ўрин эгаллаб, халқимиз турмуш фаровонлиги юксалмоқда.

Форумда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни яққол кўрсатиб берувчи аниқ рақам ҳамда фактлар ҳам келтириб ўтилди. Хусусан, олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида қишлоқ аҳолиси салмоқли ёрдам олиши билан бирга, турли имтиёзларга ҳам эга бўлаётир. Масалан, биргина жорий йилнинг ўзида мамлакат миқёсида ўтган йилдагига нисбатан 2 баробар кўп тураржойлар, шу жумладан, ёш оилалар учун 1,5 мингга яқин, ногиронлиги бўлган хотин-қизларга 3 минг хонадон, шунингдек, ҳарбий хизматчилар учун 100 та кўп қаватли уй барпо этилади. Қишлоқ жойларда эса барча қулайликка эга бўлган 20 мингдан зиёд уй-жойлар қурилади.

Конференция қатнашчилари томонидан бундай янгиланишлар бугун ҳамма соҳада юз кўрсатаётгани, мазкур жараёнда ўз фаолиятини Ҳаракатлар стратегияси вазифалари асосида йўлга қўйган Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол қатнашаётгани алоҳида айтиб ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишув, у асосида тузилган 100 дан ортиқ тармоқ келишувлари, 14 та ҳудудий келишув ҳамда бевосита корхона, ташкилот ҳамда муассасаларнинг 171 мингдан зиёд жамоа шартномаларига амал қилиб келинаётгани бунга яққол далилдир. Мазкур локал ҳужжатлар ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган комплекс тадбирларни ўз ичига олган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари ушбу локал ҳужжатларга мувофиқ, ходимларнинг реал даромадларини босқичма-босқич ошириш, меҳнат бозорида талаб бўлган кадрларни тайёрлаш тизимини кенгайтириш, иш билан банд бўлмаган аҳоли вакилларини касбга ўқитиш ҳамда қайта ўқитиш ишларида ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шуларга мос равишда аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжи бўлган қатламлари ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлашга кўмаклашиш, ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, имконияти чекланган болалар, кам таъминланган ва кўп болали оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари, иш берувчилар билан ҳамкорлик қилиш, бандликнинг ноанъанавий шаклларида машғул кишилар ҳамда уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясига каратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш борасида тизимли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, кам таъминланган ҳамда кўп болали оилалар, пенсионерлар, уруш ва меҳнат фахрийларини жамоа шартномалари ҳамда келишувлари орқали моддий қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда бўлиб келаётир. Хусусан, 2017 йилда касаба уюшмалари томонидан 3037 нафар меҳнат фахрийси тарихий шаҳарлар ва диққатга сазовор жойлар бўйлаб саёҳатларга олиб борилди. Ёлғиз кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг коммунал тўловлари қоплаб берилди. Турли байрамлар муносабати билан Мурувват ва Саховат уйларида маданий-маърифий тадбирлар уюштирилиб, у ердагиларга маиший техника, кийим-кечак ҳамда гигиеник воситалар берилди. Айни чоғда жамоа шартномаси ва келишувлари орқали иш берувчилар ҳамда касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш учун 41,9 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Бундан ташқари, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 2366 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан соғломлаштирилган бўлса, 7385 нафар ишловчи пенсионер ҳамда касаба уюшма аъзоларининг ота-оналари ва 344 нафар ишловчи пенсионер имтиёзли асосда ана шундай имкониятдан фойдаланди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида касаба уюшмалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидаги 2 миллион 160 минг хонадон аҳволи, одамларнинг турмуш тарзи ўрганилди. Шу жараёнда аҳолини қийнаб келаётган қарийб 650 мингта муаммо аниқланиб, 556,5 мингтасини ҳал этиш бўйича чора-тадбир ишлаб чиқилди. Ўтган йилнинг март-апрель ойларида кам таъминланган ҳамда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия акцияси доирасида 3280 нафар боланинг суннат ва 616 та ёш оиланинг никоҳ тўйлари ўтказилишига бош-қош бўлинди.

Конференцияда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2017-2018 йилларда аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор манзилли дастурлар ижроси мувофиқлаштириб келинаётгани хусусида ҳам сўз юритилди. Мисол учун, касаба уюшмалари ишчи гуруҳлари томонидан шакллантирилган рўйхатлар асосида ҳунармандчилик ҳамда тадбиркорлик йўналишларини очиш, шахсий томорқа участкасини ва чорва моллари ёки парранда харид қилиш йўналишлари бўйича оиласининг иқтисодий аҳволини тиклаш истагини билдирган минглаб кам таъминланган оилаларга имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашилди. Юзлаб кам таъминланган оилалар уй-жойи таъмирдан чиқарилди, минглаб оилаларга маиший техникалар олиб берилди, эҳтиёжманд оилалардаги беморларга эса саломатлигини тиклашлари учун моддий кўмак кўрсатилди. Жорий йилда ҳам ушбу йўналишдаги ишлар жадал давом эттирилаяпти.

Аҳолини дори-дармон воситалари билан таъминлашдек масъулиятли ишда ҳам касаба уюшмаларининг муносиб улуши бор. Бугунгача чекка туманлар ҳамда қишлоқларда 2 мингдан ортиқ ижтимоий дорихоналар ишга туширилиб, одамларнинг оғири енгил қилингани бунинг бир мисолидир.

Шулардан келиб чиқиб, тадбирда бу борада тўпланган бой тажрибани нафақат дунё жамоатчилигига етказиш, балки уларни бошқа давлатлар амалиётига татбиқ қилиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ижтимоий мулоқотни кучайтириш, кучли ижтимоий ҳимоя йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама этилди.
Халқаро конференцияда иштирокчиларга Халқаро Меҳнат бюроси бош директори Гай Рейдер ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби Шаран Барроу томонидан йўлланган видеомурожаат намойиш қилинди.

Биринчи ялпи мажлисдан сўнг конференция иши 4 та секцияда давом этди. Уларда аҳолининг реал даромадлари ҳамда бандлик даражасини ошириш, ижтимоий ҳимояси ва соғлиғи муҳофазаси бўйича давлат тизимини такомиллаштириш, хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, арзон уй-жойлар қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизациялаш бўйича мақсадли дастурларнинг бажарилиши ва таълим ҳамда ёшларга оид давлат сиёсати: миллий, хорижий ва халқаро тажриба масалалари таҳлил қилиниб, ўзаро фикр алмашилди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси — Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси 
Қ. Қуронбоев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ. Акмалов иштирок этди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, «Халқ сўзи» мухбири.

Суратлар муаллифи: Динара Чиркова, Ҳаким Йўлдошев "Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?