Ўзбекистонда 11 та банкка нисбатан жарима санкцияси қўлланилди

18:09 13 Июнь 2024 Иқтисодиёт
838 0

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси 11 та банкка нисбатан жарима санкцияси қўллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Қўмитанинг жорий йилнинг май ойидаги йиғилишларида (7 марта) 47 та масала кўриб чиқилган ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинган.

Унга кўра, рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 36 та, хусусан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (2 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (2 та), микромолия ташкилотлари фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрига киритиш (2 та), микромолия ташкилотларига берилган лицензияларни қайта расмийлаштириш (13 та), тўлов ташкилотларига берилган лицензияни чақириб олиш (2 та), микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатига олиш (2 та) ҳамда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек, муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (13 та) билан боғлиқ масалалар кўрилган.

Шу қаторда кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига доир 11 та масала Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, банклар ва микромолия ташкилотларида ўтказилган текширишлар натижалари ҳам муҳокама қилинган.

Тижорат банклари ва микромолия ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган қоидабузарликлар, яъни банк кафолатлари тўғрисидаги маълумотларнинг кредит ахборотининг давлат реестрига тўлиқ юборилишини таъминламаганлиги ҳамда очиқ валюта мавқеи бўйича ўрнатилган лимитларга амал қилмаганлиги учун 3 та банк чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Шунингдек, амалдаги қонунчилик ва Марказий банк томонидан ўрнатилган иқтисодий меъёрлар талабларига риоя қилинмаганлиги ҳамда аниқланган қоидабузарликлар учун 11 та банкка нисбатан жарима санкцияси қўлланилган.

Бундан ташқари, 1 та микромолия ташкилотида ўтказилган инспекция текшируви натижасида аниқланган қоидабузарликлар учун жамиятнинг кредитлаш операцияларини амалга ошириш фаолияти уч ой муддатга чекланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?