Ўзбекистон – янги минтақавий тизимнинг асосий меъморларидан бири

10:29 17 Октябр 2025 Сиёсат
167 0

Марказий Осиё давлатлари жаҳон сиёсий саҳнасида ўз ўрни ва ролини яққол намоён этмоқда. Бунинг аниқ ифодаси “Марказий Осиё плюс” (МО+) форматидаги янги мулоқот платформалари. Айниқса, сўнгги икки-уч йилда Марказий Осиё ва жаҳон давлатлари раҳбарларининг учрашувлари тез-тез ўтказилаётир. 2023 йилда Нью-Йоркда “МО — АҚШ”, Сиан шаҳрида “МО — Хитой”, 2025 йил Остонада Хитой билан учрашувнинг иккинчи босқичи, “МО — Германия”, “МО — Форс кўрфази давлатлари”, “МО — Ҳиндистон” ва “МО — Италия” саммитлари ўтказилди.

Ўзаро муносабатлар ташқи шериклар билан чегараланмайди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари иштирокидаги Маслаҳат учрашувлари минтақавий ҳамкорликни мисли кўрилмаган даражага кўтарди.

Сиёсий декларациялардан — амалий интеграциягача

Яқинда бўлиб ўтган “МО+” саммитига қайтайлик. Душанбеда ўтказилган “Марказий Осиё — Россия” иккинчи саммити сиёсий декларациялардан амалий интеграцияга ўтишнинг муҳим белгиси бўлди. Устувор йўналишлар қаторида савдо-иқтисодий ҳамкорликни илгари суриш, инвестициялар ўсишига кўмаклашиш, гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш каби масалалар тилга олинди. Унинг якуни бўйича 29 та банддан иборат коммюнике қабул қилинди.

Мазкур қарорлар “Марказий Осиё — Россия” формати иштирокчилари ўртасидаги бирдамлик ва ўзаро тушуниш руҳини мустаҳкамлаш учун замин яратади, деган ишонч билдирилди. Россия бошқа йирик мамлакатлар қатори минтақамиз давлатлари билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли сиёсий, иқтисодий ва гуманитар алоқаларни чуқурлаштиришга қатъий қарор қилган.

Ўтган йил якунларига кўра, Россиянинг Марказий Осиё давлатлари билан товар айланмаси 45 млрд. доллардан ошди. Россия минтақа мамлакатлари иқтисодиётига сармоя киритган энг йирик инвесторлардан бири ҳисобланади. Россия Федерацияси инвестицияларининг умумий ҳажми 20 млрд. доллардан ортиқни ташкил этади. Россия етакчиси фикрича, бу етарли эмас. Россия иштирокида Марказий Осиё мамлакатларида қўшма саноат парклари, савдо уйлари, улгуржи-тақсимлаш марказлари яратилмоқда, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш, минерал ўғитлар ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда — қўшма тижорий фаолият жуда кенг доирада қамраб олинган.

Россия ва минтақа давлатлари энергетика соҳасида шерикликни чуқурлаштирмоқда, бунда нафақат анъанавий углеводородларни қазиб олиш ва сотиш, балки Россиянинг энг замонавий технологиялари бўйича атом электр станцияларини қуриш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш ҳам назарда тутилади.

Россиянинг юқори технологиялар соҳасида ҳам таклиф этадиган режалари, биринчи навбатда, давлат бошқарувини оптималлаштириш бўйича Россиянинг рақамли ечимлари бор. Бу ўринда “ақлли шаҳар” муҳитини яратиш режаси мавжудлигини ҳам таъкидлаш жоиз. Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида ҳам ҳамкорлик учун имкониятлар етарли. Ҳаттоки бу иттифоққа тўлақонли аъзо сифатида кирмаган давлатлар учун ҳам.

Масалан, Евроосиё барқарорлаштириш ва ривожлантириш фонди Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун бир миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратди. Бу маблағлар миллий бюджетлар ва тўлов балансларининг барқарорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимини мустаҳкамлаш учун ишлатилиши мумкин.

Афғонистондаги вазият барча олти давлатнинг диққат марказидан четда эмас. Афсуски, террорчилик тузилмалари ҳамон афғон ҳудудидан экстремистик ғоялар ва жиноий фаолиятни тарқатиш учун фойдаланишга уринмоқда. Шу боис ана шу таҳдидларга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинди. Саммит якунлари бўйича тайёрланган коммюнике ва Ҳаракатлар режаси ҳамда уларнинг амалга оширилиши, Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстона, ўзаро манфаатли муносабатларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Барқарор тус олган ижобий тенденция

Жаҳоннинг етакчи давлатлари Марказий Осиёнинг салоҳиятини, унинг глобал жараёнларда жадал ривожланаётган минтақа сифатидаги ҳозирги ва келгусидаги ролини тан олмоқда. Бу уларнинг айнан шундай форматдаги музокараларга қизиқиши ортиб бораётгани билан изоҳланади. Аммо тарихий, сиёсий, иқтисодий, гуманитар омиллар туфайли Россия Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга.

Мисли кўрилмаган геосиёсий ўзгаришлар, жаҳон иқтисодий конъюнктурасининг беқарорлигига қарамай, Россия Ўзбекистоннинг иттифоқчиси ва стратегик шериги бўлган ва шундай бўлиб қолади.

Марказий Осиё минтақасининг ўзида сўнгги йилларда сиёсий бирдамлик, иқтисодий ҳамкорлик, маданий ва маънавий эволюцион ҳаракат мавжудлиги қувонарлидир.

Барқарор тус олган ушбу ижобий тенденция минтақага Россия давлатининг истиқболли ва салмоқли шериги сифатида янги сифат бахш этади. Уч йил аввал Остонада бўлиб ўтган биринчи “Марказий Осиё — Россия” саммити кўп томонлама форматда самарали ҳамкорликнинг бошланиш нуқтаси бўлди. Иккинчи учрашув Россия билан узоқ муддатли кўп томонлама алоқаларга янги туртки беришга қаратилган. Бундай шерикликнинг асосий вазифаси — кўп қиррали ҳамкорликни янада муваффақиятли ривожлантириш учун шароит яратиш мақсадида Марказий Осиё минтақасида барқарорликни мустаҳкамлашдир.

Кўп қутбли стратегик ёндашув

Тан олиш керакки, Ўзбекистон бу форматни мунозара майдонидан минтақавий барқарорликнинг янги моделини қуриш воситасига айлантирди. Таклиф қилинган ташаббуслар кўп қутбли ҳамкорлик тизимини яратишга қаратилган стратегик ёндашувни намоён этади.

“Марказий Осиё — Россия” формати нафақат сиёсий сигналлар майдончаси, балки инфратузилмавий ва норматив ечимларни тез амалга ошириш воситасига айланиш салоҳиятига эга. Унинг кучи кун тартибларининг яқинлигида ҳамда транспорт, энергетика, миграция ва техник тартибга солиш масалаларини узун бюрократик занжирларсиз тезкорлик билан ҳал қилиш имкониятидадир.

Расмий Москванинг Марказий Осиёга бўлган қизиқишининг кучайиши нафақат ташқи сиёсий муаммолар, балки ўзаро иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланганлиги билан ҳам изоҳланади. Санкцияларнинг кучайиши савдо ҳамда технологик занжирларни қайта йўналтиришни тезлаштирди ва минтақа Россия учун саноат кооперацияси, логистиканинг муаммоли жойларини четлаб ўтиш ҳамда бозорларга ўзаро кириш учун энг яқин майдонга айланди.

Саммитнинг асосий ютуғи 2027 йилгача ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”нинг қабул қилиниши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти таклиф этган Бош вазирлар ўринбосарлари даражасида Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ташкил қилиниши бўлди. Ушбу механизмлар олти давлатнинг иқтисодий стратегияларини синхронлаштиришга қаратилган.

“Марказий Осиё — Россия агроэкспресс” лойиҳалари ва “Шимол — Жануб” транспорт йўлаги товар айланмасидаги тўсиқларни бартараф этишда алоҳида аҳамиятга эга. Бу қадамлар ўзаро савдодаги тўсиқларни олиб ташлаш, миллий инфратузилмаларни бирлаштириш ҳамда Марказий Осиё ва Россиянинг ягона иқтисодий ҳудудини шакллантиришга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти таклиф этган саноат инжинирингининг Бухородаги хаби иқтисодий ҳамкорликнинг марказий элементига айланади. У машинасозлик, кимё саноати ва асбобсозлик соҳаларидаги қўшма лойиҳаларга йўналтирилади. Бухоро тарихан савдо маркази бўлган, энди эса у технологик кооперация платформасига айланаётир. Аслида, бу савдодан қўшма ишлаб чиқаришга ўтиш демакдир.

Ўзбекистон атом энергетикаси бўйича минтақавий компетенция марказини ҳамда “Келажак муҳандислари” консорциумини яратишни таклиф қилди. Ушбу ташаббуслар минтақада “Сколково” филиалларини очиш ва Сунъий интеллект бўйича экспертлар кенгашини таъсис этиш режалари билан тўлдирилади. Шубҳасиз, замонавий шароитда технологик суверенитет энергетика суверенитети каби муҳим аҳамиятга эга. Атом энергетикаси бўйича қўшма лойиҳалар ҳамда муҳандис кадрларни тайёрлаш узоқ муддатли технологик шериклик учун замин яратади.

Амалий механизмга айланаётган ҳаётбахш ғоялар

Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Россия халқларининг этномаданий форумини ўтказишни таклиф қилди, бу ҳамкорликнинг гуманитар таркибий қисмини кучайтиради. Мазкур ташаббуслар интеграциянинг “юмшоқ ўлчови”ни кучайтиради ва минтақа халқлари ўртасида ўзаро ишонч учун замин яратади.

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаоллиги ташқи сиёсат курсининг етуклигини кўрсатади. Мамлакат ўзгаларнинг ташаббусларида иштирок этишдан минтақавий архитектурани лойиҳалаштиришга ўтди.

Охирги ойларда Нью-Йоркдан Габала ва Душанбегача бўлган бир қатор халқаро тадбирлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг кўп қиррали, ишончли ҳамда технологик бўлиб бораётганини кўрсатди.

Ҳар қандай форматда, хоҳ БМТ бўлсин, хоҳ Туркий давлатлар ташкилоти ёки МДҲ, Россия ва минтақа давлатлари билан учрашув бўлсин, Ўзбекистон қоғозларда қолиб кетадиган эмас, балки амалий механизмга айланадиган Қояларни таклиф этади. Шу маънода, Душанбе саммити Ўзбекистоннинг ўзаро ҳурмат, прагматизм ҳамда Марказий Осиё келажаги учун бўлган жавобгарликка асосланган янги минтақавий тизимнинг асосий меъморларидан бирига айланаётганини тасдиқлади.

Ботир УСМОНОВ,

Тошкент кимё-технология институти ректори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?