Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида инвестициявий ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди

20:21 25 Январь 2023 Сиёсат
271 0

Жорий йилнинг 25 январь куни инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев ва Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Бахит Торобаев бошчилигида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегациялари ўртасида бўлиб ўтган кенгайтирилган таркибдаги музокараларда иштирок этди. Учрашувда икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари масъул раҳбарлари ҳам қатнашди.

Диққат марказида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги кун тартиби, уни кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар бўлди. Шу нуқтаи назардан, барча соҳаларда мамлакатларимиз ўртасидаги шерикликни янада чуқурлаштиришга кучли туртки бериши кутилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикасига бўлажак давлат ташрифининг аҳамияти қайд этилди.

Олий даражадаги ташриф доирасида «Ўзбекистон-Қирғизистон» бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилган. Йиғилишда мазкур тадбирга тайёргарлик ишлари атрофлича муҳокама қилинди. Унда икки мамлакатнинг кимё, тўқимачилик, энергетика, автомобилсозлик саноати, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳаларга ихтисослашган ишбилармон доираларининг 200 дан ортиқ етакчи вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Форум доирасида ялпи мажлис ва панель сессиялар, шунингдек, Б2Б форматидаги учрашувлар ва музокаралар ўтказилади, улар натижасида 10 дан ортиқ икки томонлама битимлар ва инвестиция шартномалари имзоланиши режалаштирилган.

Музокаралар чоғида икки мамлакат иқтисодиётларининг рақобатдош устунликларини ишга солиш орқали саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда ўзбек ва қирғиз ишлаб чиқарувчилари ўртасида ўзаро боғлиқ қўшилган қиймат занжирларини яратишда муҳим воситага айланган Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолияти алоҳида муҳокама қилинди.

Маълумот учун: Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси 2022 йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, икки давлат иқтисодиётларини модернизация қилиш ва ривожлантириш, шунингдек, устувор соҳалардаги ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш орқали икки томонлама ҳамкорлик имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида ташкил этилган.

Томонлар Жамғарма фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг доирасида режалаштирилган лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича аниқ қўшма чора-тадбирларни белгилаб олдилар.

Саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари, кимё ва тўқимачилик саноати, машинасозлик, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари алоҳида кўриб чиқилди. Темир йўл ва автомобиль йўналишларини диверсификация қилишни назарда тутган ҳолда транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари таҳлил қилинди. Энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни ошириш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, томонлар логистика, туризм, спорт инфратузилмасини ривожлантириш каби янги йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Музокаралар якунида муҳокама қилинган барча ташаббус ва лойиҳалар бўйича яқин ҳамкорликда ишлашни давом эттиришга ўзаро содиқлик билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер