Ўзбекистон ва Миср янги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширмоқда

17:16 20 Февраль 2023 Сиёсат
742 0

Жорий йилнинг 19 февраль куни Ўзбекистон ишчи гуруҳининг Миср Араб Республикасида бўлиб туриши доирасида Қоҳирада Мисрнинг йирик вазирлик ва идоралари раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказилди. Музокаралар давомида устувор тармоқлардаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, Савдо ва саноат вазири Аҳмад Солиҳ билан учрашувда савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича келгусидаги тадбирлар муҳокама қилинди. Томонлар Порт-Саид шаҳрида қўшма Саноат кооперацияси ва маҳсулотлар тарқатиш марказини ташкил қилиш, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш ва имзолаш, қўшма Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ва унинг биринчи йиғилишини 2023 йилнинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича қатор амалий чора-тадбирларни келишиб олдилар.

Халқаро ҳамкорлик вазири Рания ал-Машат билан Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Миср Ҳукуматлараро комиссиясининг 7-йиғилишини жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон пойтахтида ўтказиш, шунингдек, саноат кооперацияси соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича «Йўл харитаси»ни қисқа муддатда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида келишувга эришилди.

Air Cairo авиакомпанияси раиси Ҳусайн Шериф билан суҳбатда Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновлар сонини кўпайтириш ва географиясини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди. Миср томони яқин орада Қоҳира-Тошкент-Қоҳира йўналиши бўйича мунтазам рейсларни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди. Авиакомпания раҳбари, шунингдек, компаниянинг бошқа йўналишлар билан бир қаторда Хургада ва Шарм ал-Шайхга рейслар сонини ҳафтасига 14 тага етказиш нияти борлигини маълум қилди.

Миср Инвестициялар ва эркин иқтисодий зоналар агентлиги Бош директори Хоссам Хейба билан сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари кўриб чиқилди. Томонлар ўзаро шерикликни янада ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлигини қайд этиб, ҳар икки мамлакат компанияларининг миллий бозорларга чиқишига кўмаклашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни кўришга келишиб олдилар.

Шу куни Ўзбекистон-Миср бизнес-форуми ҳам бўлиб ўтди. (материалга ҳавола) Унда икки мамлакатнинг 200 га яқин етакчи компаниялари, жумладан, Мисрнинг Orascom construction, Kandil Steel Group, Metco, ZAS, Giza Cable Industries, Shoura Chemicals, Polyee Plast, Solarsol EG каби компаниялари вакиллари иштирок этди. Тадбир доирасида бир қатор инвестициявий битимлар ва савдо шартномалари имзоланди. Улар орасида Порт-Саид шаҳрида кейинчалик Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларига экспорт қилишга мослашган ўзбек тўқимачилик корхоналарини ташкил этишга доир ҳужжатлар ҳам ўрин олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?