Ўзбекистон ва БАА ўртасида ҳуқуқий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

10:30 29 Май 2025 Сиёсат
96 0

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2024 йил 27 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги ҳамкорлик тез суръатларда ривожланмоқда. Шу кунга қадар икки давлат ўртасида экстрадиция, жиноят ишларида ҳуқуқий ёрдам, ҳаво қатнови, савдо-иқтисодий муносабатлар, даромад солиқлари бўйича иккиёқлама солиққа тортишни бартараф қилиш, фан ва техника каби йўналишларда жами 31 та келишув имзоланган.

Қонун билан ратификация қилинаётган ушбу Битим Бирлашган Араб Амирликлари делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида 2024 йил 17 сентябрь куни Тошкент шаҳрида имзоланган.

Ҳужжатда икки давлат ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, ҳар икки давлат фуқароларини бир-бирининг ҳудудида тенг ҳуқуқий ҳимоя билан таъминлаш ҳамда фуқаролик ва иқтисодий масалалар юзасидан суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш имкониятини яратиш назарда тутилган.

Шунингдек, фуқаролар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низоларни ҳал этиш, суд ҳужжатларини тан олиш ва ижро этиш каби масалалар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тартиби ҳам белгиланмоқда.

Сенаторлар томонидан Қонуннинг қабул қилиниши келгусида икки мамлакат ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни янда ривожлантириш ва мустаҳкамлашга, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳамкорликнинг янада ривожланишига эришиш, шунингдек, икки давлат ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилиши таъкидланди.

Муҳокама якунида сенаторлар томонидан Қонун маъқулланди.

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?