Ўзбекистон ва АҚШ одам савдосига биргаликда қарши курашишдан манфаатдор
Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мавзуси Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева, Америка Қўшма Штатларининг Одам савдосини мониторинг қилиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги элчиси Ж.Ричмонд ва вазир ёрдамчисининг ўринбосари М. Миттелхаузер иштирок этган видеоконференция икки томонлама кун тартибининг муҳим қисмига айланди.
Кейинги йилларда бу борада Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги мулоқотда ўзаро тушуниш ва ишончга эришилганлиги қайд этилди. Бунда 2017-2021 йилларда ривожланиш стратегиясини амалга ошириш доирасида мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар муҳим роль ўйнади.

Жумладан, жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда 17 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Жиноят кодексига тегишли қонунлар билан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Халқаро стандартларни миллий қонунчиликка татбиқ этиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.
Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бир қатор бошқа соҳалар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, миграция уларнинг асосий йўналиши ҳисобланади. Мамлакатимиз Халқаро миграция ташкилотига тўлақонли аъзо сифатида қўшилганидан сўнг Ўзбекистоннинг мазкур ташкилот билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди. Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил этилиши билан бу масала бўйича Миллий маърузачи институти таъсис этилди.

Одам савдосига қарши курашишни кучайтириш бўйича профилактика ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари, шунингдек, аҳоли ўртасида маърифий ишлар олиб борилиши натижасида сўнгги икки йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар деярли 2 баравар камайди (2018 йилда 123 та, 2019 йилда 77 та, 2020 йилнинг 10 ойида 76 та жиноят иши). Халқаро ҳамжамият билан биргаликда кўрилган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистонда болалар меҳнати бутунлай йўқ қилинди. Шу билан бирга, мазкур масала ҳали ҳам давлат сиёсатининг кун тартибидан олиб ташлангани йўқлиги қайд этилди.
Жон Ричмонд болалар меҳнатига бутунлай барҳам бериш борасидаги ижобий ўзгаришларни ва Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича Ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг ижобий натижаларини эътироф этди.
Тадбир давомида миграция, одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва бошқа масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Томонлар бу йўналишда ўзаро алоқаларни давом эттиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- “Реал Мадрид” аламли тарзда мағлубиятга учради
- Миллий терма жамоанинг ЖЧдаги ўйинлари қачон ва қаерда ўтиши маълум бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг