Ўзбекистон умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар сони 6,8 миллионга яқинлашди

Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси 2024/2025 ўқув йилига оид янгиланган маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, мамлакатдаги умумий ўрта таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ўқувчилар сони 6 миллион 776,3 минг нафарга етган.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кўрсаткич 1990/1991 ўқув йили билан солиштирилганда сезиларли даражада ошган. Хусусан, ўша даврда ўқувчилар сони 4 миллион 655,5 минг нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирги ҳолатда бу рақам 2 миллион 120,8 минг нафарга кўпайган. Бу эса 45,6 фоизлик ўсишни англатади.
Йиллар кесимида кўриб чиқилганда, 2000/2001 ўқув йилида ўқувчилар сони 6 миллион 17,6 минг нафар бўлган. Бироқ 2010/2011 ўқув йилида бу кўрсаткич 4 миллион 695,3 минг нафарга тушган. Кейинги йилларда эса яна кўтарилиш кузатилган: 2020/2021 ўқув йилида 6 миллион 287,9 минг нафар, 2023/2024 ўқув йилида эса 6 миллион 645,1 минг нафар ўқувчи таҳсил олган.
2024/2025 ўқув йилининг статистикаси эса энг юқори натижани қайд этди — 6 миллион 776,3 минг нафар. Бу эса Ўзбекистонда таълим тизимига бўлган эҳтиёж ортиб бораётгани ва умумий ўрта таълим муассасалари тармоғининг изчил кенгайиб бораётганини англатади.
Мазкур рақамлар аҳолининг демографик ўсиши, таълим инфратузилмасининг ривожи ва мактаб ёшидаги болаларга таълим олиш имкониятларининг кенгайгани билан боғлиқ. Шу билан бирга, бу ўсиш таълим сифати, ўқитувчилар малакаси ва мактаб инфратузилмасига бўлган эҳтиёжни ҳам ошираётганини кўрсатади.
Нодира Раҳимова,
ЎзЖОКУ талабаси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг