Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашувидаги нутқи

16:30 21 Июль 2022 Сиёсат
740 0

Фото: president.uz

Ҳурматли ҳамкасблар!

Бугунги учрашувимизнинг барча иштирокчиларини қутлашдан хурсандман.

Ҳурматли ҳамкасбларимнинг сўзларига қўшилган ҳолда, Қирғизистон Президенти муҳтарам Садир Нурғожоевичга самимий қабул ва саммитни аъло даражада ташкил этгани учун миннатдорлик билдираман.

Шунингдек, Маслаҳат учрашувида илк бор иштирок этаётган ҳурматли Сердар Гурбангулиевични кўриб турганимдан мамнунман.

Бугун бир неча бор таъкидланганидек, ушбу форматда олиб борилаётган мулоқот туфайли дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, минтақамизда мутлақо янги конструктив ҳамкорлик муҳитини яратишга муваффақ бўлдик.

Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини, ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш бўйича мураккаб вазифаларни изчил ҳал этиб келмоқдамиз.

Бу борада кўплаб тўсиқлар бартараф этилди, фуқароларимизнинг эркин ҳаракатланиши, фаол маданий ва сайёҳлик алмашувлари амалга оширилиши учун шароитлар яратилди. Ўзаро савдо ва инвестицияларнинг ўсишига хизмат қилаётган қулай муҳит шакллантирилди.

Фақатгина сўнгги беш йилда минтақа ичида товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ошди.

Биз саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ҳам киришдик, самарали қўшилган қиймат занжирларини яратмоқдамиз, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантирмоқдамиз.

Энг муҳими – барча ижобий ўзгаришларни бизнинг биродар халқларимиз ҳис этмоқда.

 

Муҳтарам ҳамкасблар!

Жаҳондаги минтақамизга бевосита таъсир кўрсатаётган мураккаб вазият бўйича бугун билдирилган фикр-мулоҳазаларни қўллаб-қувватлайман.

Халқаро тартиботнинг оқибатларини олдиндан айтиш қийин бўлган шиддатли трансформация жараёнлари кузатилмоқда. Биз глобал миқёсда мулоқот ва ишонч тақчиллиги тобора ортиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Жаҳон иқтисодиётидаги инқирозли ҳолатлар кучайиб бораётгани натижасида мамлакатларимиз анъанавий логистика занжирлари узилиши билан боғлиқ муаммога дуч келмоқда, инфляциянинг импорти ортмоқда, озиқ-овқат ва энергетик хавфсизлигига нисбатан хавф-хатарлар бир неча бор кўпаймоқда. Бундай шароитда Маслаҳат учрашувлари формати доирасида кўп томонлама ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш зарурати янада кучаймоқда.

Шуни алоҳида қайд этмоқчиман, бутун минтақамизнинг тинчлиги, барқарорлиги ва фаровонлиги жипслигимизга, Марказий Осиёнинг умумий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қатъий чоралар кўришга тайёрлигимизга боғлиқ.

 

Ҳурматли давлат раҳбарлари!

Кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва амалий минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида умумий саъй-ҳаракатларимизни қуйидаги муҳим йўналишларга қаратишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Биринчиси – иқтисодий йўналиш. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ижобий ўсиш суръатларига қарамасдан, мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлик салоҳияти тўлиқ ишга солинмасдан қолмоқда.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда минтақа ичидаги савдо улушига мамлакатларимиз ўртасидаги умумий товар айланишининг 5 фоизидан 10 фоизигача бўлган қисми тўғри келмоқда.

Шу муносабат билан ўзаро савдони рағбатлантиришнинг янги шакл ва механизмларини фаол жорий қилишни таклиф этамиз.

Товар етказиб беришнинг қоидалари бирхиллаштирилган ва тартиб-таомиллари соддалаштирилган чегара ҳудудларида савдо зоналари тизимини яратиш шулар жумласидандир.

Бу борада учинчи мамлакатлардан қиммат ва ҳар доим ҳам сифатли бўлмаган импорт ўрнини ўзимизнинг ишлаб чиқарувчиларимиз маҳсулотлари ҳисобидан тўлдириш бўйича саъй-ҳаракатларни тушуниш ва қўллаб-қувватлаш муҳим.

Саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш яна бир муҳим вазифадир.

Бизнес доираларимиз минтақа мамлакатлари иқтисодиётларининг рақобат нуқтаи назаридан устунликлари ва бир-бирини тўлдириб туришидан фойдаланган ҳолда, ишлаб чиқариш қувватларини яратишдан манфаатдор.

Шу муносабат билан саноатни ривожланиш миллий дастурлари асосида Марказий Осиёда маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш маконини шакллантириш бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

Иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишни таклиф этаман. Бу маҳсулот таннархини камайтириш ва рақобатбардошлигини таъминлаш имконини беради.

Савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида ҳудудлараро тўғридан-тўғри ҳамкорлик борасидаги салоҳиятдан кенгроқ фойдаланиш ва ҳар йили Марказий Осиё ҳудудлари форумини ўтказишни йўлга қўйишни таклиф этамиз.

Шу билан бирга, минтақанинг инвестиция соҳасидаги умумий жозибадорлигини ошириш учун ягона қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга интилиш зарур.

 

Қадрли дўстлар!

Фурсатдан фойдаланиб, яқинда Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюцияни қўллаб-қувватлаганингиз учун сизларга миннатдорлик билдираман.

Ушбу ташаббуснинг давоми сифатида Ҳиндистон, Покистон ва Хитой бозорларига чиқиш учун муқобил транспорт йўлакларини илгари суриш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Ҳамкасбларимнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан билдирган таклифларини ҳам қўллаб-қувватлайман.

Шу маънода, мамлакатларимизда етарли миқдорда ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан аҳолини кафолатли таъминлашнинг комплекс тизимини биргаликда ишлаб чиқиш муҳим, деб ўйлайман. Бу, энг аввало, бошоқли дон, ёғ-мой ва озуқа экинлари, сархил ва қайта ишланган мева-сабзавот, гўшт-сут ва кўплаб бошқа маҳсулотлардир.

Ушбу масалаларда биз, биринчи навбатда, Марказий Осиёнинг умумий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, тизимли ишларни йўлга қўйишимиз лозим.

Иккинчи йўналиш – экология соҳасида кўп томонлама ҳамкорлик.

Бизнинг «Марказий Осиё учун «Яшил» кун тартиби» дастурини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусимизни қўллаб-қувватлаганингиз учун самимий миннатдорлик билдираман.

Ушбу дастур доирасида асосий эътиборни иқтисодиётни ис газидан холи қилиш бўйича халқаро мажбуриятларни бажариш; муқобил энергетика, энг аввало, сув, қуёш ва шамолдан электр олишни жадал ривожлантириш, электр энергиясини ўзаро етказиб беришни ташкил этиш; сувни тежайдиган ва экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига қаратишни таклиф этамиз.

Тан олишимиз керак, «яшил тараққиёт» масалаларида биз, афсуски, жаҳоннинг етакчи минтақаларидан анча орқадамиз.

Узоқ истиқболда мамлакатларимизнинг рақобатбардошлигини таъминлаш учун ҳукуматларимизга бугунги кунда қабул қилаётган дастурни амалга ошириш бўйича Аниқ чора-тадбирлар режасини тайёрлашни топшириш зарур.

Гуманитар йўналишда маданият, таълим, спорт ва туризм соҳаларида ҳамда умумий тарихимизни чуқур ўрганиш борасида ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш бўйича биргаликдаги ишларни кучайтиришни таклиф этаман. Буларнинг барчаси биродар халқларимизнинг янада яқинлашишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Мамлакатларимизда Марказий Осиё маданият, санъат ва кино фестивалини навбатма-навбат ўтказиб боришни таклиф қиламиз.

Туризм соҳасидаги ҳамкорлигимизни кенгайтириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратмоқчиман.

Махсус туризм маршрутлари ва маҳсулотларини ишлаб чиқиш, умумий пиар-кампанияларни ўтказиш орқали минтақа ичидаги туризмни фаол рағбатлантириб боришимиз лозим.

Шу мақсадда ўзаро туризм оқимларини ошириш бўйича аниқ таклифларни тайёрлаш учун қўшма экспертлар гуруҳини тузишни таклиф этамиз.

Жорий йил май ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё ёшлар форумининг самарали якунларига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.

Ёшларимизнинг қараш ва интилишлари ўхшашлигига, уларнинг улкан интеллектуал салоҳиятига яна бир бор амин бўлдик. Уларнинг илғор ташаббуслари, креатив ёндашувлари ва стартап лойиҳаларини бундан буён ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз лозим.

Навбатдаги учрашувимизгача Ёшларга доир сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида кўп томонлама битим тайёрлашни таклиф этамиз.

 

Ҳурматли дўстлар!

Хавфсизлик соҳаси – минтақавий ҳамкорлигимизнинг стратегик йўналишидир.

Минтақавий хавфсизлик бўлинмас ва энг аввало, бизнинг шериклигимиз қанчалик самарали йўлга қўйилганига боғлиқ эканини таъкидламоқчиман.

Шу маънода, экстремизм ва терроризм, уюшган жиноятчилик ва наркотрафик каби анъанавий таҳдидларга қарши курашда амалий ҳамкорлигимизни бундан буён ҳам кучайтириб боришимиз зарур.

Кўлами тобора ортиб бораётган Интернетдаги ноқонуний фаолият билан боғлиқ янги хавф-хатарлар алоҳида эътибор қаратишимизни тақозо этмоқда.

Бугун ушбу таҳдидлар йўлида ҳеч қандай чегара йўқ – улар мобил телефонлар орқали кириб келмоқда.

Афсуски, Ўзбекистонда яқинда рўй берган фожиали воқеалар бизнинг режаларимизни бузишга, минтақамизда беқарор вазиятни вужудга келтиришга уринаётган бузғунчи кучлар мавжуд эканини яна бир бор тасдиқлади.

Шу муносабат билан ушбу йўналишларда минтақа мамлакатларининг Хавфсизлик кенгашлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш таклифини қўллаб-қувватлаймиз.

Афғонистонда узоқ муддатли тинчликни таъминлашга ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалаларида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш биз учун энг муҳим устувор йўналиш бўлиб қолиши керак.

Биз ушбу мамлакатнинг энг яқин қўшнилари сифатида бу заминдаги барқарорликдан биринчи навбатда ўзимиз манфаатдор бўлишимиз лозим. Мазкур муаммо халқаро ҳамжамият томонидан қандай қабул қилиниши ҳам кўп жиҳатдан айнан бизга боғлиқ.

Шунингдек, ушбу мамлакат билан савдо алоқаларини фаол ривожлантириш, уни минтақамиздаги иқтисодий жараёнларга жалб этиш, афғон халқига гуманитар ёрдамни кенгайтириш, муҳим ижтимоий ва инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суриш тарафдоримиз.

 

Ҳурматли ҳамкасблар!

Бугунги саммитимизнинг энг муҳим натижаси, ҳеч шубҳасиз, Марказий Осиёнинг тинчлиги ва барқарор тараққиёти йўлида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган салмоқли ҳужжатлар тўплами қабул қилинаётганидир.

Ҳамкасбларимнинг фикрларига қўшилган ҳолда, Маслаҳат учрашуви натижалари мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади, амалий ҳамкорлик бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш учун кучли суръат бағишлайди, деб ишонч билдираман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер