Ўзбекистон — Озарбайжон: муштарак илдизлардан куч олган дўстлик

Озарбайжондек ўтмиши бой, табиати ранг-баранг мамлакат дунёда кам топилади. Кавказортининг Жануби-Шарқий қисмида жойлашган, тарихи ва келажаги шонли Озарбайжон дунёда ўз ўрнига, ўз сўзига эга давлат. Иқтисодий салоҳиятига кўра у дунёдаги тез ривожланаётган мамлакатлардан бири.
Қайд этиш жоизки, ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги биродарлик, дўстлик ришталари қадим-қадимга бориб тақалади. Бу дўстлик асрлар мобайнида бир-биридан куч олиб шаклланган.
Муштарак илдизга эга, узоқ тарихга асосланган муносабатлар бугун янги давр воқелигига мос равишда жадал ривожланмоқда. Ва кун сайин мустаҳкамланиб бораётган бу дўстлик нафақат давлатларимиз, балки бутун туркий дунё тараққиётига ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Озарбайжонга ташкил этилган медиатур доирасида бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Туташ томирлар
Тошкент халқаро аэропортидан парвоз қилган Озарбайжон ҳаво йўлларига қарашли замонавий лайнер икки ярим соатдан сўнг Боку шаҳрида қад ростлаган Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортга оҳиста қўнди.
«Ҳар қандай ҳудуд ҳақидаги дастлабки таассурот остонадан бошланади» деганларидек, кутиб олишга чиққан қардошларимизнинг илк сўзи шундай бўлди: «Ўзингизни бегона диёрга келдик деб ҳисобламанг, Озарбайжон — сизнинг ҳам юртингиз, ўзбеклар — туташ томирларимиз!»
Маълумотларга кўра Бокуда расман 2,3 миллион, бироқ сайёҳларнинг келиб кетиши ва вақтинча яшаётган хорижлик ҳамда маҳаллий аҳоли билан ҳисоблаганда 3 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ўз фаслининг иссиқ кунлари бўлишига қарамай ёмғир шивалаб турибди. Аэропортдан шаҳар марказидаги меҳмонхонага келгунча қарийб 30 — 40 дақиқа ўтди. Шу вақт мобайнида шаҳарнинг анча-мунча қисмини томоша қилишга улгурдик. Кўчаларда автомобиллар тартиб билан ҳаракатланмоқда, жамоат транспорти ҳам жуда яхши йўлга қўйилган. Энг муҳими, шаҳар кўчалари жуда озода.
Меҳмон кутиш, иззат-икром кўрсатиш қардошларимизга ҳам хос эзгу қадриятлардан. Меҳмонхонага етиб келгач бизни кутиб олган дўстларимиз ўз тилида салом бераркан, кўзлари чақнаб, мамнун алфозда сўз бошлади: «Эй, қардошим, Ўзбекистон — биз учун жонажон, қадрдон диёр. Сиз ва биз деган сўз йўқ, ҳаммамиз бирмиз…»
Тушликдан сўнг сафаримизнинг расмий тадбир ва учрашувлари бошланди.
Дастлаб «AZERTAC» — Озарбайжон давлат ахборот агентлигида бўлдик.
Бу ерда бошқарма бошлиғи Элшан Шахбалаев ахборот агентлиги фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Ўз навбатида, биз ҳам ҳамкорлигимизнинг келажак режалари, кўзлаган мақсадлари ҳақида сўзладик.
Шундан сўнг «AZTV» — Озарбайжон телерадиокомпаниясига ташриф буюриб, бу ерда кўрсатувлар тайёрлаш жараёни билан бевосита танишишга муваффақ бўлдик. «AZTV» Халқаро муносабатлар департаменти раҳбари Элнар Мамедов Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни мустаҳкамланиб, нуфузи тобора ошиб бораётгани катта мамнуният бағишлашини таъкидлар экан, унинг тимсолида озарбайжон халқининг ўзбек халқига меҳр-муҳаббатини, эҳтиромини кўрдик.
«Йўл харитаси»ни амалга ошириш бўйича медиация доирасидаги навбатдаги учрашув — Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида давом этди. Унда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ижрочи директори ўринбосари Натиг Маммадли икки мамлакат ўртасида соҳа бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва дезинформацияга қарши биргаликда курашиш муҳимлигини таъкидлаб, бу борада қилинган ва амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифалар ҳақида маълумот берди…
Ичкари шаҳар — Боку юраги
Боку — ҳайрат ва мўъжизалар макони. Бетакрор шаҳар гўзаллигидан баҳраманд бўлиш иштиёқида оқшом Боку бўйлаб саёҳатга чиқдик.
Пойтахт шаҳардаги ҳар деталь, ҳар бир манзаранинг ўзиёқ сизга бу мамлакат ва унинг халқи ҳақида етарлича тасаввур беради. Модернча қурилган маҳобатли ва кўркам бинолару омма учун ўрнатилган авангард ҳайкаллар, ноёб ва ҳайратланарли санъат намуналарида ҳам мамлакатнинг миллий қиёфаси, руҳи бўртиб турганига гувоҳ бўласиз.
Айниқса, кўҳна бу юртнинг бой тарихи ва қадимий обидалари ҳар қандай кишини мафтун этади. Ноёб архитектура ечими асосида қад ростлаган тарихий ёдгорликлар, замонавий иншоотлар ҳар қандай кишида катта қизиқиш уйғотади. Буларнинг барчаси ўз миллий қадрият ва анъаналарини эъзозлайдиган, бунёдкор, изланувчан халқнинг беқиёс меҳнатлари ва мамлакатдаги тинчлик, осойишталик самарасидир.
Энг биринчи йўл олган жойимиз — Ичкари шаҳар.
Тўғриси, ўзига хос бу қалъа-шаҳарни кўриб, маҳобатли иншоотлар орасида ўзимизни гўё мўъжизалар оламига тушиб қолгандай ҳис этдик. Бир-бирига туташиб кетган гўзал обидалар хаёлни узоқ ўтмишга етаклайди. Уларнинг ўзига хослиги бу заминда миллий меъморчилик қадимдан юксак даражада тараққий этганидан далолат беради.
Минг йиллик тарихга эга ушбу кент Ширвоншоҳлар давлати пойтахти ҳисобланган, шунингдек, Яқин Шарқнинг энг қадимий ва маданий маркази ҳам. Бу ерда 20 га яқин меҳмонхоналар, 100 дан ошиқ савдо расталари фаолият юритади, шунингдек, 1 мингдан зиёд оилалар истиқомат қилади. Майдони 22 гектардан иборат Ичкари шаҳар ҳудудида юзлаб тарихий ёдгорликлар мавжуд.
Ичкари шаҳарнинг энг диққатга сазовор жойларини айланар эканмиз, ҳақиқатан ҳам, тарихан яқинлигимизни ҳис қилдик. Бу туйғу бизни Қиз қалъаси, Ширвоншоҳлар саройи мажмуаси, Муҳаммад ибн Абу Бакр масжиди, Археологик парк, «Бухоро» карвонсаройини кезганимизда ҳам тарк этмади. Ва амин бўлдикки, озарбайжон халқи табиатидаги меҳр-оқибат ва меҳмондўстлик, шонли тарих ва маънавият сарчашмаси самарасида яратилган нодир осориатиқалар, ундаги мураккаб ва нафис нақшлар уйғунлиги сайёҳлар, хорижий меҳмонларнинг ҳайрат ва ҳавасига сабаб бўлмоқда.
Кейинги манзилимиз — Ҳазар денгизи… Олис-олис кенгликларга узанган, кўз етмас денгиз ҳайратимизни оширди. Димоғимизга шўр таъм ва ажиб ҳид, юзимизга денгизнинг қайсар шамоли урилди, бу ҳол айрича тароват, фараҳ бағишлади кўнглимизга. Соҳилда сайр қилаётган ёшларга, саёҳатга келган меҳмонларга, маҳаллий аҳоли вакилларига кўзимиз тушди.
Соҳил бўйлаб бироз вақт айландик. Эртага саҳар туришимиз кераклигини ёддан чиқармаган ҳолда меҳмонхонага қайтиш тараддудига тушдик. Шу пайт юз-кўзида ўзгача самимият зоҳир жуфтлик қаердан келганимиз билан қизиқди. Ўзбекистонлик эканимизни билишгач бирваракайига «ваҳ, Ўзбекистон, Диёра Келдиёрова — чемпион, Лазизбек Мулложонов — чемпион!» дея бирма-бир санаб кетишди. Ўзбекистон ёшлари юксак марраларни забт этаётганидан, юртимиз номини бутун дунёга ёяётганидан фахр туйдик.
Дўстлигимизни кўз қорачиғидай асраш — ҳар биримизнинг вазифамиз
Сафаримизнинг кейинги куни тонг чоғи Озарбайжон Республикасининг Қорабоғ иқтисодий зонасига бориш учун йўлга тушдик.
Илк манзилимиз — Агдам (Оқтом) шаҳри.
Осмонда қуёш чарақлаб турсада, кечаги ёмғир сабабми, салқин шамол эсяпти. Табиатнинг гўзаллигидан ҳайратланиб борарканмиз, ҳамроҳимиз — Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги департамент раҳбари Расим Каримли йўл-йўлакай қишлоқларнинг тарихини ҳикоя қилди. Унинг сўзларига кўра бу ерларда қадимий манзиллар, обидалар жуда кўп. Аммо ўттиз йилдан зиёдроқ истило бу ҳудудларнинг вайрон бўлишига олиб келган.
Дарҳақиқат, Оқтом шаҳрига кела-келгунча уруш асоратларига кўзимиз тушди. Вайронага айланган аҳоли пунктлари ҳувиллаб ётибди. Эгасиз қолган боҚ-роҚлар қаровсиз ташлаб қўйилган.
Бир вақтлар жаҳоннинг буюк алломаларига бешик бўлган Фузулий туманида ҳам аҳоли сийрак. Уйларнинг тўрт деворидан иборат вайроналар, ўз ҳолича ўсиб ётган узумзорлар, узоқ вақт парвариш кўрмаган мевали дарахтларнинг мунғайган таналари уруш офатидан сўзлайди…
Бу даҳшат изларини кузатиб, тинчлик қанчалар буюк неъмат эканига яна бир бор амин бўлик.
— Ўзбекистон биз учун қадрдон, қардош юрт, — дейди биз билан суҳбатда Озарбайжон Республикаси Президентининг Агдам, Фузулий ва Ходжавенд туманларидаги махсус вакиллиги ходими Азер Яришев. — Дўстлигимизни кўз қорачиғидай асраш ҳар биримизнинг мақсадимиздир. Бугун биродарлик ришталари, ҳамкорлигимиз кенгайиб бораётир, халқларимиз ҳам, мамлакатларимиз ҳам бир-бирига елка тутиб, яхши-ёмон кунда бир-бирини қўллаб келмоқда. Буни Фузулий шаҳрининг билим ўчоғига айланган Мирзо Улуғбек номидаги мактаб мисолида ҳам кўриш мумкин.
Дарвоқе, Фузулий шаҳри марказида бунёд этилган Мирзо Улуғбек номидаги 1-умумтаълим мактабида бўлганимиз сафар дафтаримизга алоҳида саҳифа ўлароқ ёзилди. Аслида ҳам ушбу мактабни Фузулий шаҳрига қўр бағишлаб турган таълим саройи, десак, муболаға эмас. Мамлакатимизнинг бу биродарлик совғасини кўрган ҳар қандай кўз қувнайди, қалбга ногаҳон шодлик тўлади. Бу ҳақда мактаб директори Ҳажар Маҳмудова шундай дейди:
— 2021 йилнинг 31 март куни бўлиб ўтган Туркий кенгашнинг норасмий саммитида Ўзбекистон Президенти Қорабоғ заминидаги ёдгорликлар, маданият ва маърифат масканларини қайта тиклашга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини таъкидлаганди. Буни бутун Озарбайжон халқи мамнуният билан кутиб олган, қалбларимиз тўлқинланганди.
Шаҳримизда 960 нафар ўқувчини ўз бағрига олувчи замонавий мактаб қурилиши қардош миллат Юртбошиси ташаббусининг амалий ифодаси бўлди.
Яқинда Ўзбекистон томони кутубхонамизга 1500 та турли номдаги китоблар жамламасини совға қилди. Бу, ўз навбатида, ўсиб келаётган ўҚил-қизларимизни Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятига, буюк аждодларимиз меросига ошно этишга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Биласизми, Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентларининг мактабимиз очилиш маросимида иштирок этиши катта байрамга айланиб кетди.
Унда Президент Илҳом Алиев «Бу Қорабоғни тиклашда хорижий давлатнинг илк совғаси ва биз бу биродарлик, ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлаш ишорасини юксак қадрлаймиз», дея алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мактабимизни «Самимий дўстлигимиз келажаги ёдгорлиги», дея атади…
Дарҳақиқат, кўп асрлик синовдан ўтган анъанага мувофиқ бу мактаб нафақат таълим маскани, балки дўстлик ва биродарлигимизнинг яна бир маркази бўлиши муқаррар. Ишонамизки, келажакда бу ердан олимлар, шоиру ёзувчилар — халқларимиз эртаси, дўстлиги учун сидқидилдан хизмат қилувчи истеъдодлар етишиб чиқади.
Ўзбекистон Президенти бунинг учун Фузулийда пойдевор яратгани айни ҳақиқат.
Шуша — Қорабоғ дурдонаси
…Атрофга қоронғи туша бошлаганда пурвиқор тоғлар узра янги қурилган йўл бўйлаб Қорабоғнинг юраги бўлмиш Шуша шаҳрига чиқиб бордик. Қорабоғ тоғлари этагида жойлашган Шуша бетакрор табиати билан ҳар қандай одамни ўзига мафтун этади. Бу ердаги қадимий манзиллар, тоғ ёнбағри, адирлар арчазорлар, ёввойи мевали дарахтлар, буталар билан қопланган.
Буюк тарихга эга Шуша шаҳри ҳам саёҳат, ҳам зиёрат учун қулай жой. Ўз даврида ҳунармандчилик, амалий санъат, меъморчилик, илм-фан ривожланган. Айни чоғда кўплаб меъморий дурдоналар сақланиб қолган.
Шаҳар Қорабоғнинг баланд нуқтасида — денгиз сатҳидан 1368 метр баландликда жойлашган бўлиб, наинки ўлканинг, балки туркий дунёнинг маданият пойтахти сифатида қадрланади.
Шуша — озарбайжон халқининг жасорати, матонати, мардлик ва бирдамлигини яққол намоён этган тарихий ғалабанинг ёрқин тимсолидир. Барчамизга яхши аёнки, салкам 40 йиллик истилодан кейин ушбу шаҳар Озарбайжонга қайтарилди.
Ҳозирги кунда бу ерда қурилиш-бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилаётир. Шаҳарда электр, газ, ичимлик суви тармоқлари янгиланмоқда, ижтимоий объектлар таъмирланяпти. Қисқача айтганда, ҳаёт аста-секин изга қайтмоқда, аҳоли ўз яшаш ҳудудига кўчиб кела бошлади.
…Қорабоғ сафари якунига етиб, яна ўша текис ва равон йўл — Зафар (Ғалаба) йўли орқали Бокуга қайтарканмиз, кўнглимиздан бир ният кечди: эркин, мустақил ва фаровон келажакни қуриш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш йўлидан дадил одимлаётган Озарбайжоннинг зафар йўли ҳамиша бардавом, бу заминда тинчлик, осойишталик абадий барқарор бўлади... Муштарак илдизлардан ягона мақсадлар сари йўл олган икки қардош ўлка — Ўзбекистон ва Озарбайжон дўстлиги эса бундан кейин ҳам давом этади, янги шакл ҳамда мазмун билан бойиб, янада мустаҳкамланиб бораверади...
Беҳзод НОРБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тошкент — Боку — Қорабоғ — Тошкент
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг