Ўзбекистон – Озарбайжон дўстлик музейи очилди

19:24 01 Март 2023 Маданият
768 0

Пойтахтимиздаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказида Ўзбекистон – Озарбайжон дўстлик музейининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжон Республикасига амалий ташрифи арафасида ташкил этилгани алоҳида маъно-мазмунга эга. Унда Маданият ва туризм вазирлиги, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, музейлар вакиллари, тарихчи олимлар, шоир ва ёзувчилар, олий таълим муассасалари ректорлари, талаба-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Маросимда сўз олганлар таъкидлаганидек, ўзбек ва озар халқларининг ўзаро алоқалари чуқур тарихий илдизларга бориб тақалади. Икки қардош элнинг тили, урф-одат ва анъаналари бир-бирига ўхшаш. Мана шундай дўстлик ришталари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг саъй-ҳаракатлари билан янги босқичга кўтарилди.

Озарбайжонда ўзбек адабиётининг мумтоз вакили, шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий ижодига катта қизиқиш ва ҳурмат билан қаралади. Боку шаҳрида буюк ўзбек мутафаккирининг ҳайкали ўрнатилган. Ўз навбатида, Ўзбекистонда Низомий Ганжавий, Муҳаммад Фузулий ва озар адабиётининг бошқа мумтоз вакиллари ижодининг ихлосмандлари кўп.

Ўзбекистонда ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжумани ва бошқа тадбирларда Озарбайжон вакиллари, шунингдек, мазкур давлатда ташкил қилинадиган муғом санъати бўйича фестиваль ва бошқа анжуманларда ўзбек санъаткорларининг иштирок этиши анъанага айлангани ўзаро маданий алоқалар мустаҳкамлигидан далолат беради. Сайёҳлик йўналишида ҳам ўзаро борди-келдилар мунтазамлик касб этмоқда.

Ўзбекистон – Озарбайжон дўстлик музейида икки давлат ўртасидаги тарихий алоқаларни акс эттирувчи суратлар, давлатлар рамзлари, қадимий ва замонавий иншоотлар макетлари, маданий мерос намуналари, либослар, чолғу асбоблари ўрин олган.

Маросим доирасида Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Феруза Абдураҳимова раҳбарлигидаги «Сўғдиёна» ўзбек давлат халқ чолғулари камер оркестри томонидан икки халқ дўстлигига бағишланган концерт дастури намойиш этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?