Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси машҳур компания билан ҳамкорлик меморандуми имзолади

07:03 23 Май 2021 Спорт
1238 0

Кеча Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида «PepsiCo» компаниясининг Ўзбекистондаги расмий боттлери International Beverages Tashkent (IBT)билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш тадбири бўлиб ўтди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва IBT компаниясининг стратегик ривожлантириш бўйича директори Шуҳрат Эргашев бошчилигида ҳар икки ташкилотнинг мутасадди раҳбарлари, шунингдек, профессионал бокс бўйича WBA ва IBF камарлари соҳиби, Рио-2016 совриндори Муроджон Аҳмадалиев, спорт фахрийлари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. Тадбирни МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов очиб берди.

«Муҳтарам Президентимиз мамлакатимизда соғлом турмуш тарғиботини кучайтиришга жуда катта аҳамият қаратмоқдалар. Яқинда бокс ва Паралимпия спортига оид қабул қилинган қарорлари ушбу фикримизнинг исботи бўла олади. Туризм ва спорт вазирлиги, федерация ва ассоциацияларимиз билан ҳамкорликда режа асосида нафақат Токио-2020 Олимпиадаси, балки Шантоу-2021 ёшлар Осиё ўйинлари, Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўрмоқдамиз. Бу йўлда IBT компанияси бизни қўллаб-қувватлаб келаётган асосий ташкилотлардан бири ҳисобланади. Ушбу компания бокс, хоккей, футбол каби спорт турларида жамоаларимизга ҳомийлик қилиб келмоқда. Келажакда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан умидвормиз», – деди МОҚ раҳбари.

Шунингдек, тадбирда Шуҳрат Эргашев ҳам ҳамкорлик меморандуми ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Спорт мамлакатни дунёга танитадиган асосий кучлардан бири. Йирик мусобақаларда ҳамюртларимизнинг шарафига байроғимизнинг кўтарилиши ўзгача ғурур ва ифтихор беради. Биз ана шундай қаҳрамонларимизга ёрдам бераётганимиздан мамнунмиз. Бизларни ҳамкор деб қабул қилишгани учун миннатдорчилик билдирамиз. 2020 йил УЕФА чемпионлар лигаси кубогининг Тошкентга келишида хизмат қилган эдик. Бундан кейин ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни биз ҳам қўллаймиз», – деди Ш.Эргашев.

Шундан сўнг ҳар икки томон ўртасида юртимизда Олимпия ҳаракати ва соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, ИБТ компанияси профессионал бокс бўйича WBA ва IBF камарлари соҳиби, Рио-2016 совриндори Муроджон Аҳмадалиев ва бошқа юлдуз спортчиларимиз билан республикада оммавий спортни ривожлантириш ва уни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш бўйича биргаликда ишлашади. Тадбирда таниқли боксчимиз ва футбол бўйича бўлажак Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе ҳам бугунги тадбир бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.

Шу билан бирга, International Beverages Tashkent Ташкент компаниясининг молиявий кўмаги асосида юртимизда оммавий спорт тарғиботи, соғлом турмуш тарзи бўйича «Янги Ўзбекистон — янги ғалабалар» ғоясини мужассам қилган тарғибот ишларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?