Ўзбекистон миллий аккредитация тизими халқаро даражада тан олинди

20:34 20 Сентябр 2022 Иқтисодиёт
644 0

Иллюстратив фото

Ҳар бир давлат иқтисодиёти олдида турган муҳим вазифалардан бири бу, шубҳасиз, экспорт салоҳиятини ошириш, жаҳондаги янгидан-янги бозорларга кириб боришдир. Аммо мамлакатларнинг бозор борасидаги ўз қонун-қоидалари, қонунчилик ҳужжатлари, товар ва маҳсулотларнинг кириб келишига алоқадор талаблари бор.

Бундай талаблар аслида ички бозор сифати ва софлигини, истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлашни назарда тутади. Уларни бартараф этиш учун ҳар бир давлат миллий аккредитация органлари Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ҳамкорлик — ILAC каби халқаро ташкилотга аъзо бўлиши, кўп томонлама битимларни имзолаши лозим.

Бу аъзолик давлатлар учун нима беради? Аъзо ва кўп томонлама битимларни имзолаган давлатлар бир-бирининг маҳсулот сифати синовларини ўзаро тан олади. Яъни, «бир маротаба синовдан ўтказиб, бутун дунёда тан олиш» тамойилига кўра иш юритади. Бу эса, ўз навбатида, бозорларга эркин кириб бориш имкониятини беради. Шунингдек, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар товар ва хизматларининг сифати хорижий давлатлар иқтисодиёти ва жамияти талаби даражасида бўлишига, сифат кўрсаткичининг юқорилиги билан ишонч қозониб, савдодаги техник тўсиқларни бартараф қилишга ёрдам беради.

Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, хорижий давлатлар аккредитация идоралари ILAC ташкилотига тўла ҳуқуқли аъзо бўлиб кириши учун ўртача 5-6 йил талаб этилади (Қозоғистон, Колумбия – 4 йил; Таиланд – 5 йил; Россия, Ямайка – 6 йил; Беларус, Туркия, Чили – 7 йилда аъзо бўлган).

Аммо халқаро экспертлар (Туркия, Германия, Ҳиндистон) томонидан тизимни баҳолаш бўйича олиб борилган таҳлиллар Ўзбекистон аккредитация марказининг 3-4 йил (2019-2022 йиллар) ичида нуфузли ташкилотларга аъзо бўлиши мумкинлигини кўрсатган эди.

Дарҳақиқат, амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон аккредитация маркази 2018 йил 19 март куни мухбир аъзо сифатида ILAC сафига қўшилган ва 2020 йил апрель ойида ILACнинг ҳақиқий мухбир аъзоси сифатида тан олинган.

Марказ олдида турган кейинги вазифалардан бири мазкур халқаро ташкилотлар доирасида амал қилувчи аккредитация натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги кўп томонлама битимга (ILAC-MRA) қўшилиш ва бу орқали маҳаллий маҳсулотлар экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда жаҳон бозорида тўсиқларсиз эътироф этилишини таъминлашдан иборат эди.

Ушбу натижага эришиш учун Марказ ўз фаолиятини тубдан халқаро стандартларга мослаштириш, халқаро миқёсда талаб қилинадиган барча вазифаларни бажариш, битимларга аъзо бўлган давлатнинг тажрибаларини ўрганиш, халқаро тоифадаги экспертлар билан семинар ва маҳорат дарсларини ташкил қилиб, фаолиятни янада такомиллаштиришга эътибор қаратди. Мутахассисларнинг малакаси оширилди, лаборатория ходимлари учун ҳам қатор ўқув-машғулотлари олиб борилди.

Ниҳоят, жорий йилнинг январь ойидан март ойига қадар 8 нафар халқаро эксперт (Гонконг, Ҳиндистон, Тайван, Эрон, Малайзия, Шри-Ланка, Филиппин, Индонезия) «Ўзбекистон аккредитация маркази» ДУК фаолиятини баҳолашдан ўтказиб, хулосаларини айтди. Умумий ҳисобда Марказ фаолияти қониқарли баҳоланиб, камчиликлар борасида тавсиялар берилди. Ушбу камчиликлар атрофлича ўрганилиб, бартараф этилди ва натижалар ёзма равишда халқаро ташкилотларга тақдим этилди.

Барча саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ 2022 йилнинг 14 сентябрь куни «Ўзбекистон аккредитация маркази» ДУК Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ҳамкорлик – ILACнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сафига қабул қилинди ва ISO/IEC 17011:2017 халқаро стандарти талаблари ҳамда ILAC тартиб-таомилларига мувофиқ Oʼ ZAKK,

• ISO/IEC 17025 синов

• ISO/IEC 17025 калибрлаш

соҳаларида аккредитация натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги кўп томонлама битимга (ILAC MRA) қўшилди.

Бунинг натижасида Ўзбекистонда амалга оширилган синовлар дунёнинг 116 та давлатида тан олинди.

OʼZAKK Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ҳамкорлик – ILAC ташкилоти билан биргаликдаги фаолиятга муҳим аҳамият қаратади. Ушбу нуфузли ташкилот билан алоқалар Ўзбекистон миллий аккредитация тизимини ривожлантиришдаги устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. ILAC Низомининг мақсади, тамойиллари ва вазифаларидан келиб чиқиб Ўзбекистон аккредитация маркази барча мажбуриятларни сўзсиз ва бекаму-кўст бажаришни ўз зиммасига олди. Зотан, ILACга аъзо бўлиш аккредитация тизимининг халқаро стандартлар асосида ишлашининг кафолатидир.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Халқаро лабораторияларни аккредитациялаш ҳамкорлиги (ILAC) 4 та йирик минтақавий идорадан (Европа, Марказий Америка, Африка ва Осиё Тинч океани) ташкил топган. Бугунги кунда дунёнинг 116 та давлати аккредитация идораси ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзолари ҳисобланади. Яъни, “ILAC MRA – «Синовларни ўзаро тан олиш битими»га қўшилган. Бинобарин, мамлакатимизнинг бундай нуфузли ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлиши юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ёрқин самарасидир.
Ансабхон Закиров,
«Ўзбекистон аккредитация маркази» ДУК директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?