“Ўзбекистон-Латвия” дўстлик жамиятининг 20 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди

18:16 12 Декабрь 2018 Жамият
1505 0

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Латвия Республикасининг 100 йиллиги ва “Ўзбекистон-Латвия” дўстлик жамиятининг 20 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди.

Бу ҳақда Қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тадбирда Латвиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари, “Ўзбекистон-Латвия” дўстлик жамияти аъзолари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, турли ташкилот ва муассасалар вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ҳамкорлик мана чорак асрдан зиёд давр мобайнида барча соҳалар, жумладан, маданият ва санъат йўналишида изчил ривожланиб бормоқда.

Бу дўстлик алоқаларининг ривожланиб боришида халқ дипломатиясининг ўрни катта. Ўтган тарихий давр ичида мамлакатларимиз ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий йўналишларда катта ижобий натижаларга эришдилар. Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ривожига юқори даражадаги алоқалар, келишув ва шартномалар асос солган.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистонда Латвия мустақиллигининг 100 йиллигига бағишланган қатор маданий тадбирлар ўтказилганлиги ва унда юртимиз кенг жамоатчилиги Латвия халқининг миллий либослари, гўзал шаҳар ва бепоён табиат манзаралари, унинг тарихи ва замонавий кўринишлари, шунингдек икки давлат классик мусиқаси билан яқиндан танишиш ва ундан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлганликларини таъкидлаб ўтишди.

Мазкур тадбирлар, ўз навбатида, халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларнинг янада мустаҳкамланаётганидан далолат беради.

Ўзбекистон ва Латвия бир неча ўн йиллардан буён дўстлик ришталари билан боғланган.

Бу борада 1998 йилдан бери Латвияда фаолият юритиб келаётган “Ўзбекистон - Латвия” дўстлик жамиятининг хизматлари ҳам алоҳида эътиборлидир. Жамият Ўзбекистон ва Латвиянинг миллий байрамлари ва муҳим саналарига бағишланган кўплаб тадбирларни ташкил этишда иштирок этади, конкурслар, концертлар, бадиий ва фото кўргазмалар уюштиради, Латвиянинг сайёҳлик ташкилотлари ва тадбиркорлари ўртасида уларни Ўзбекистон бозорига жалб этиш мақсадида амалий ишлар олиб боради.

“Ўзбекистон – Латвия” дўстлик жамияти Латвияда истиқомат қиладиган ватандошларга катта эътибор қаратилиб келади, Ўзбек маданият марказини қўллаб-қувватлайди, унга ўзбек тилидаги дарсликлар ва адабиётлар, миллий костюмлар етказиб беради, собиқ ўзбекистонликларни республикада бўлиб ўтаётган ижобий ўзгаришлар, ўзаро фойдали ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида хабардор қилади. Мана шу ва бошқа хайрли ишларни амалга оширишда Латвия ҳукуматининг кўрсатаётган эътибори унинг Ўзбекистонга бўлган муносабатининг ёрқин далили ҳисобланади.

Тадбирда дўстлик жамиятининг бир гуруҳ фаолларига фахрий ёрлиқлар топширилди, “Регистон” миллий чолғу ансамблининг чиқишлари тадбирга байрамона кайфият бағишлади.

Тадбирда доирасида таниқли рассом Юрий Гребенюкнинг асарларидан ташкил топган кўргазма ҳам ташкил этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер