Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева вафот этди
Ўзбекистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳибаси, таниқли шоира Ойдин Ҳожиева 2023 йил 13 май куни 81 ёшида оламдан ўтди.
Ойдин Ҳожиева 1965-1976 йилларда “Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим, бўлим мудири, 1976-1985 йиллар “Саодат” журналида бўлим мудири, 1985-1995 йилларда “Гулхан”, 1995 йилдан эса “Саодат” журнали бош муҳаррири лавозимида меҳнат қилган.
Ойдин Ҳожиеванинг биринчи шеърий тўплами 1970 йилда “Шабнам” номи билан чоп этилган. Сўнгра унинг 1972 йилда “Мен севган қўшиқ”, “Зар кокил қиз ва қуёш”, 1975 йилда “Манзиллар”, 1977 йилда “Наво”, 1978 йилда “Тароват”, 1979 йилда “Бувисининг ўз қизи”, 1980 йилда “Достонлар”, “Тамал тоши”, 1989 йилда “Сайланма”, 1991 йилда “Нажот”, “Олисдан келган овоз” каби кўплаб шеърий китоблари дунё юзини кўрган. Улар орасида 1987 йилда “Чашмаларни излайман” каби публицистик асарлар мажмуаси, болалар учун ёзилган ажойиб шеърлари ҳам бор.
2022 йилда Ойдин Ҳожиева таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан “Танланган асарлар” китоби нашр этилди.
Шоиранинг 1996 йилда “Кўзимнинг оқу қароси” номли шеърий гулдастаси истиқлол руҳи, истиқлол орзуси билан лиммо-лимдир. У моҳир шоирагина эмас, публицист ва таржимон ҳамдир.
Ойдин Ҳожиева таржимон сифатида Шандор Петефи, А.Мскевич, Ованес Туманян, Файз Аҳмад Файз, Эди Огнесвет, Римма Казакова, Фариза Унгарсинова, Ойжамол Омарова, Гулрухсор, Ибройим Юсупов, Марямхон Абулқосимова ва бошқа кўплаб жаҳон ва қардошлар халқлар адабиёти намояндаларининг достон, баллада ва туркум шеърларини ўзбек тилига юксак бадиий маҳорат билан ўгирган. Айни пайтда шоиранинг шеърлари рус, белорус, француз, инглиз, украин, қозоқ, қирғиз, тожик ва урду тилларида нашр этилган.
Ойдин Ҳожиева 1992 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони, 1975 йилда Ёшлар Иттифоқи мукофоти, 1999 йилда “Эл-юрт ҳурмати”, 2021 йилда “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг