Ўзбекистон эшак гўшти импорт қиладими?
Бу саволни дабдурустдан ўртага ташлаётганимиз йўқ. Божхона қўмитасининг гўшт маҳсулотлари импортига доир маълумотида хориждан олиб келинган товарлар рўйхатида от ва эшак гўшти ҳам турибди-да!
Унда келтирилишича, 2025 йилда Ўзбекистонга 869 млн. долларлик гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорт қилинган. Шундан 661 млн долларлик маҳсулот (қарийб 157 минг тонна) қорамол гўшти ҳиссасига тўғри келади. Бу 2024 йилдагига нисбатан миқдор жиҳатдан 67 фоизга, қиймат жиҳатдан эса 80,5 фоизга ошган.
Шу билан бирга, рўйхатда 2,6 млн. долларлик салкам 830 тонна от ва эшак гўшти импорт қилингани кўрсатилган.
Ростдан ҳам, Ўзбекистонга хорижда эшак гўшти кириб келганми?
Бунга аниқлик киритиш мақсадида Божхона қўмитасига мурожаат қилдик.
— Ташқи иқтисодий фаолият товарлари номенклатурасига кўра, товарларнинг тизимлашган гуруҳи бор, — дейди Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев. — Яъни ташқи иқтисодий фаолият товарлари кодида от ва эшак гўшти битта гуруҳга классификация қилинган. Худдики, тухум дейилганида товуқ тухуми билан бирга, бошқа паррандалар тухуми бир гуруҳга киритилгани сингари.

Масаланинг яна битта томони бор, ташқи иқтисодий фаолият товарлари номенклатураси халқаро базага интеграция қилингани учун товарлар гуруҳи автоматик равишда чиқиб келади. Улар бутун дунёда амалга қиладиган товарлар гуруҳининг кодлари ҳисобланади. Чунки эшак гўшти Хитой ва бошқа айрим давлатлар халқлари учун муҳим ва тансиқ истеъмол товари саналади. Мамлакатимизга импорт қилинган гўштлар таркибида “от ва эшак гўшти” деб ёзилгани билан эшак гўшти импорт қилинмаган.
Мутахассисларнинг аниқлик киритишича, 2025 йилда 2,7 млн долларлик 830 тонна от гўшти импорт қилиниб, 2024 йилдагига нисбатан 4,1 баробар ёки 2 млн. долларга ошган. 2024 йилда 647 минг долларлик 217 тонна импорт қилинган эди. Импорт Мўғулистон (2,2 млн доллар) ва Қозоғистон (486 минг доллар), давлатларидан амалга оширилган. Ўзбекистонга эшак гўшти импорти амалга оширилмаган.
Ҳусан Тангриевнинг қўшимча қилишича, Божхона қўмитаси матбуот хизмати тизимдаги масъул мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда, ахборотни тўлақонли тақдим этиш, чалкашлик ва тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида ташқи иқтисодий фаолият товарлари номенклатурасидаги товар гуруҳига ўзгартириш киритилмоқда. Яъни импорт қилинган гўшт маҳсулотлари рўйхатидан “эшак” сўзи олиб ташланяпти. Яқин соатларда янгиланган рўйхат эълон қилинади.
— “Халқ сўзи” газетасининг эътибори туфайли шу пайтгача аҳамият берилмаган битта масала ҳал бўляпти, бунинг учун ижодий жамоага миннатдорлик билдирамиз, — дейди Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев сўзининг якунида.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг