“Ўзбекистон – 2030” стратегияси 5 та устувор йўналиш ҳамда 100 та мақсад: уни амалга ошириш учун тажриба ва имкониятлар

11:47 20 Март 2024 Жамият
643 0

Иллюстратив фото

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ўз ичига барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби асосий ғояларни ўз ичига олган.

Мазкур йўналишлар доирасида 7 йил давомида иқтисодиёт ҳажмини икки баробарга ошириш, хусусан, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард доллар, аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказиш, макроиқтисодий барқарорлик ҳамда иқтисодий ривожланишни зарур даражадаги энергетика, сув ва инфратузилма ресурслари билан таъминлаш, мамлакатда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш мақсад қилинган.

Бешта устувор йўналишдаги масалаларни қамраб олган тараққиёт стратегияси, унда илгари сурилган таклиф-ташаббусларнинг аҳамияти ва моҳияти ҳақида узоқ фикр юритиш мумкин. Энди бу борадаги амалга ошириладиган ишларга келадиган бўлсак, вазифаларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга, кенг жамоатчиликка етказишимиз, уни рўёбга чиқаришда ҳар биримиз масъул эканимизни тушунишимиз зарур.

Асосийси, ушбу стратегияни 2024 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да мамлакатимизни ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши доирасида қарийб 100 та мақсадларга эришиш назарда тутилмоқда.

Оддий қилиб айтганда, фуқароларни ўйлантираётган ижтимоий масалалар қай даражада самара ва натижа бераётгани маҳаллаларда яққол, аниқ кўринади. Қонунлар, қарор, дастурлар ва бошқа муҳим ҳужжатлар ижроси, яъни рўёби оилалар, хонадонларда сезилиши керак.

Ўтган йили халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашида 197 маротаба мансабдор шахсларни ҳисоботи эшитилди, эшитувлар ва ўрганишлар жараёнида 44 масала вилоят, туман, шаҳар Кенгашидаги сессияларда, 49 та масала эса доимий комиссияларда киритилиб ижобий натижаларга эришилди. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан 1308 та учрашувлар ўтказилиб, 1702 та мурожаатлар келиб тушган муаммоли масалалардан 1665 таси ижобий ҳал этилган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган тараққиёт стратегиясида инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш биринчи йўналиш сифатида бежиз белгиланмаган. Қайсики, депутатлар фаол бўлса, бошқа жамоат тузилмалари уларга қараб андаза олади. Жамият ҳаётида ўз ўрнига эга бўлишга ҳаракат қилади. Натижада ижрода қайсидир масала эътибордан четда қолиши ёки пайсалга солиниши, балки қийин бўлишининг олди олинади.

Эндиликда маҳаллий кенгашлар ва депутатларнинг ваколатлари оширилиб, давлат ҳокимиятини халққа янада яқинлаштириш, халқ ҳокимиятчилиги асосларини кучайтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясига мувофиқ ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари бир-биридан ажратилди. Аҳолининг жойлардаги долзарб муаммоларини ҳал этиш учун маҳаллий Кенгашларга кенг ваколатлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, энди маҳаллий Кенгашларга ҳокимлар эмас, балки депутатлар орқали сайланадиган раис раҳбарлик қилиши белгилаб қўйилди. Бу маҳаллий даражада давлат ҳокимиятини трансформатсия қилишга, халқчил тизимни жорий этишга қаратилган муҳим сиёсий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Фармон билан Ўзбекистон маҳаллий бошқаруви тарихида илк бор маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янги модель, яъни “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ислоҳ қилишга қаратилган қатор қоидалар белгилаб берилганига эътибор қаратиш лозим. Жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда аҳолининг фикрини инобатга олиш, маҳаллий давлат ҳокимлиги вакиллик органларининг ўрнини ошириш мақсадида, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик, транспорт ва ҳудуд инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 33 та ваколат Кенгашлар ихтиёрига ўтказилмоқда.

Жорий йил сайловларидан бошлаб, вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаш раислари сифатида ҳокимлар фаолият юритиши бекор қилиниб, Кенгаш аъзоларининг ичидан Кенгаш раиси сайланиши жорий этилмоқда. Туман, шаҳар Кенгашларида 2026 йилдан бошлаб мазкур тартиб жорий этилиб, вакиллик органи мустақиллиги яна ҳам мустаҳкамланади. Ҳақиқий халқ Кенгашлари халқ овози, халқ уйи мақомига эришиши бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Кенгаш раислигидан ҳокимларнинг олиниши, ижро органларининг халқ олдидаги ҳисобдорлик масъулиятини янада оширади. Халқ дардини халқ вакиллари томонидан Кенгаш раисига тўғридан-тўғри етказиб бериш имконияти яратилади.

Президентимиз бутун давлат ва жамият бошқаруви тизими имкониятларини инсон қадри учун, деган эзгу мақсадга катта куч ҳамда иштиёқ билан сафарбар этмоқда. Бу тамойил нафақат жойлардаги ижтимоий муаммоларни тизимли ҳал этишга, энг асосийси, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигига реал шароит яратишга хизмат қилади.
Зафар Каримов, 
O'zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,
вилоят Кенгаши депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?