Ўзбек урани фаровонлик йўлида

10:11 10 Январь 2025 Жамият
118 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Бугун мамлакатимиз уран қазиб олиш ва захираларни ривожлантириш борасида катта тажрибага эга давлатлардан бири ҳисобланади. Тармоқдаги уран захираларини тайёрлаш ва қазиб олиш ишларининг асосий қисми 70 йилдан ортиқ вақт давомида “Уранкамёбметгеология“ АЖ томонидан амалга оширилиб, мазкур корхона ҳозирги кунда “Уран ва ноёб металлар геологияси“ илмий-ишлаб чиқариш маркази сифатида фаолият юритмоқда.

Уран ресурслари бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июлдаги “2022 — 2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида янада кенгайди. Бу қарор “Навоийуран“ давлат корхонасини тўлақонли интеграцияланган тизимга айлантирди ва уран қидиришдан тортиб, уни қайта ишлашгача бўлган барча босқичларни ўз ичига олди.

Геология-қидирув ишларини модернизация қилиш ва рақамлаштириш соҳада янги имкониятларни очди. Ушбу жараёнлар самарадорликни оширибгина қолмай, уран қазиб олиш соҳасидаги натижаларни юқори поғонага кўтарди.

— Бугун “Уран ва ноёб металлар геологияси“ илмий-ишлаб чиқариш маркази таркибида республиканинг шимолий, марказий ва жанубий қисмларида алоҳида геология-қидирув ишларини олиб борувчи Навоий ва Самарқанд вилоятларида жойлашган 3 та — “Букантов”, “Нурота” ва “Зирабулоқ” геология-қидирув экспедициялари ҳамда Геология қидирув партияси фаолият юритмоқда, — дейди “Уран ва ноёб металлар геологияси” ИИЧМ директори Зафар Раҳимов. — Шунингдек, мазкур экспедицияларнинг дала геологик лойиҳалари натижалари асосида олинаётган тоғ жинслари, маъдан таркибларини, технологик эритмаларнинг аналитик таҳлилларини амалга ошириб келаётган Геологик лаборатория мажмуаси геология-қидирув ишларида хизмат қилиб келмоқда.

Бир сўз билан айтганда, республиканинг барча ҳудудларида хусусан, Марказий Қизилқум, Зиявутдин-Зирабулоқ, Сирдарё ботиқликлари каби уранга ихтисослашган минтақаларида геологлар, геофизиклар, геотехнологлар, бурғиловчи мутахассислар ва топограф-маркшейдерлар олиб борган тадқиқотлар натижасида ерости бойликларининг захира ва прогноз ресурслари йилдан-йилга ошмоқда.

Геология-қидирув ишлари орқали Букантоғ ва Томдитоғ тоғларининг ён бағирларидаги уранга истиқболли ҳудудларини ўрганиш, шунингдек, башорат-тематик лойиҳалар доирасида олиб бориладиган ишлар янги истиқболли майдонларни аниқлашга қаратилган. Шунингдек, Илмий-ишлаб чиқариш маркази ва унинг “Нурота” (Зафаробод, Конимех, Томди), “Букантов” (Учқудуқ, Томди, Зарафшон), “Зирабулоқ” (Нуробод, Зиёвуддин) геология-қидирув экспедицияси ва Геология-қидирув партия (Зафаробод, Конимех, Томди)лари Учқудуқ туманида жойлашган Учқудуқ, Зиёкон, Мингбой, Мойлисай, Томди туманида жойлашган Қизилқоқ, Ауминза, Тошқўра, Муллали, Нурафшон, Жасага ва Оқберди дала майдонларида олиб борган изланишлари натижасида башорат ресурслари ва уран захиралари ошишига эришилди. 2024 йилда 3 та янги майдонларда геология-қидирув ишлари олиб борилди.

— Илмий-ишлаб чиқариш марказимиз олдига 2030 йилга қадар республиканинг барча ҳудудларида уранни излаш, қидириш, баҳолаш ҳамда башорат-тематик ишларини олиб бориш орқали уран минерал хомашёси базасини 100 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилган, — дея давом этади З.Раҳимов. — Бундан ташқари, бурғиланган ҳар бир қудуқларда геофизик тадқиқот ишларини олиб бориш ва топогеодезия хариталар билан боғлаш, қудуқлардан олинган геологик керн намуналарни лаборатория шароитида ўрганиш, маъдан ҳосил қилувчи горизонтларнинг гидрогеологик шароитларини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Шу каби мақсадларда ўтган йили “Навоийуран” ДК ўз маблағлари ҳисобидан “Минерал хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастури” доирасида 47 та лойиҳалар бўйича геология-қидирув ишларини олиб борилди. Ушбу лойиҳаларнинг 7 таси қўшимча қидирув ишлари, 4 таси қидирув ишлари, 7 таси баҳолаш ишлари, 16 таси излаш ишлари, 10 таси тажриба-саноат ишлари ва 3 таси прогноз-тематик ишлар ҳисобланади.

Марказий Қизилқум ва Самарқанд ҳудудида 1 617 000 метр бурғилаш ишлари амалга оширилди. Ўтган йил натижаларига кўра уран захиралари 10 000 тоннага, башорат ресурслари эса 12 500 тоннага оширилди. Янги истиқболли майдонлар аниқланиб, уларнинг кон тузилиши ўрганилди.

2024 йил давомида бурғиланган қудуқлардан 30 мингдан ортиқ геологик намуналар олинди. Олинган намуналардан замонавий лабораторияларда ўтказилган таҳлиллар U, Mo, Se каби элементларнинг концентрациясини аниқлашда ёрдам берди. Геофизик тадқиқотлар янги уран конларини очиш имкониятини оширди. Шу билан бирга, гидрогеология шароити ҳам чуқур ўрганилди.

Таъкидлаш жоиз, уран соҳасидаги халқаро ҳамкорлик географияси ҳам кун сайин кенгаймоқда. Франция, Германия, Хитой каби соҳада нуфузга эга мамлакатларнинг компаниялари бугунги кунда ҳамкорлик қўлларини чўзиб, уранга истиқболли майдонларни топиш ва геология-қидирув ишлари кўламини кенгайтиришда юқори самара бермоқда. Мисол учун, Япониянинг “JOGMEG” ва “ITOCHU” компаниялари билан биргаликда олиб борилаётган тадқиқотлар нафақат молиявий жиҳатдан, балки технологик ривожланиш учун ҳам катта ҳисса қўшиб, “Жасага“ майдонидаги тадқиқот ишлари халқаро стандартлар даражасида амалга оширилди.

Ўзбекистон урани жаҳон миқёсида юқори сифатга эга бўлиб, энергетика учун муҳим ресурс. Сўнгги йиллар соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ва изланишлар уран захираларини ошириш, янги майдонларни тадқиқ қилиш ва қазиб олиш жараёнларини замонавийлаштиришда сезиларли ютуқларга олиб келди. Бу ўз-ўзидан 2030 йилга қадар уран минерал хомашё базасини 100 000 тоннагача кенгайтириш, янги технологияларни жорий этиш ва рақамлаштиришни давом эттириш, ёш кадрларни тайёрлаш дастурларини ижросини тўлиқ таъминлаш ва соҳани илм-фан билан интеграция қилиш, халқаро ҳамкорлик кўламини янaда ошириш орқали сармояларни жалб этишни тақозо этади. Пировардида эса буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг энергетика ресурслари соҳасидаги нуфузини мустаҳкамлаб, унинг халқаро бозордаги позициясини янада кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер