Ўзбек футболидаги йил “юлдузлари” эълон қилинди

14:30 11 Декабрь 2024 Спорт
335 0

“Бунёдкор” стадиони анжуманлар залида Суперлиганинг энг яхшилари тақдирландиТадбирда йилнинг энг яхши ёш футболчиси, мавсум кашфиёти, йил мураббийси, мавсумнинг энг чиройли голи, энг яхши легионер, энг яхши футболчиси кабилар аниқланди.

“Сурхон” жамоасининг 19 ёшли ҳужумчиси Абдуғафур Ҳайдаров йилнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилди. У ортда қолган мавсум Суперлига ва Ўзбекистон кубогида жами 15 та ўйинда 8 та гол урган.

Мавсум кашфиёти — Анваржон Ҳожимирзаев якунланган мавсумда Суперлигада энг кўп гол урган ўзбекистонлик футболчи бўлди. У ортда қолган мавсум Суперлигада 25 та ўйинда 10 та гол урди ва битта ассист қайд этди.

“Металлург” футболчиси Марко Миличковичнинг 90+8-дақиқада “Пахтакор” дарвозасига киритган голи мавсумнинг энг чиройли голи сифатида эътироф этилди.

Рўзиқул Бердиев Ўзбекистон чемпионатида 2024 йилнинг энг яхши мураббий деб топилди. 53 ёшли мутахассис якунланган мавсумда “Насаф” билан илк бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Рўзиқул Бердиев 2012 йилдан бери “Насаф”га устозлик қилмоқда.

Владимир Йовович Суперлигада мавсумнинг энг яхши легионери деб топилди. Йовович жорий мавсум Суперлига ва Ўзбекистон кубоги доирасида 28 та ўйинда 10 та гол урган ҳамда 10 та ассист қайд этган.“Насаф” таянч ярим ҳимоячиси Акмал Мозговой Суперлигада мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Акмал Мозговой ортда қолган мавсум Суперлига ва Ўзбекистон кубогида 26 та ўйинда 5 та гол урди ва битта ассист қайд этди.

Йил тўпурари — Драган Черан деб топилди. Сербиялик футболчи, ҳозирда Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасида ўйнайди. У Ўзбекистон чемпионати тарихида 100 та гол урган иккинчи легионер ҳисобланади. Черан 2016 йилда Ўзбекистонга келиб, дастлаб “Насаф” клубида ўйнаган. 2018 йилдан бошлаб “Пахтакор” сафида тўп сурмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?