Ўтган йилда қандай қонун лойиҳалари устида иш олиб борилди?

18:07 04 Январь 2024 Сиёсат
380 0

Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари ўтган йилдаги фаолиятини танқидий-таҳлилий кўриб чиққан ҳолда, келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб олишмоқда.  

Парламент қуйи палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган брифингда қўмитанинг 2023 йилдаги фаолияти ҳақида ахборот берилди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида қўмита Қонунчилик палатасининг асосий вазифа ва функцияларидан келиб чиқиб 6 та йўналишда иш олиб борган. Коррупцияга қарши курашиш ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш каби муҳим йўналишларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратган.

Ўтган даврда қўмита қонун ижодкорлиги йўналишида 38 та қонун лойиҳаси учун масъул бўлган. Ушбу қонунлар билан фуқаролар ва тадбиркорлар учун судга шикоят қилишнинг уч ойлик муддати олти ойгача узайтирилди. Тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз олиб қўйганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари белгиланди. Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун талаб этиладиган икки йиллик иш стажи бекор қилинди. Қолаверса, аҳоли томонидан маъмурий жарималарнинг 50 фоизи ўз вақтида тўланган тақдирда, қолган ярмидан озод қилиш назарда тутилди.

Қўмита томонидан 2 та яхлит қонун лойиҳаси устида иш олиб борилган. Шунингдек, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган 6 та қонун лойиҳаси қуйи палата муҳокамасига киритилган ва қабул қилинган.

Брифингда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг ҳар жиҳатдан пишиқ ва мукаммал бўлишини таъминлашда қўмиталар ҳузуридаги экспертлар ҳамда ишчи гуруҳларининг йиғилишлари муҳим аҳамият касб этгани маълум қилинди.

Ҳисобот даврида қўмита масъул бўлган қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича жами 118 та ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилган. Қўмитага келиб тушган ва қабул қилинган қонун лойиҳаларининг 2 таси концептуал жиҳатдан қайта ишланган бўлса, 3 таси қарийб 65-75 фоизгача ўзгартирилган. 6 таси қарийб 15-20 фоизгача, 9 тасига эса таҳририй тусдаги ўзгартишлар киритилган.

Ўтган даврда қўмита томонидан қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни назорат-таҳлил тартибида ўрганиш ҳамда ўрганишлар якунлари бўйича давлат ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг ахборотини эшитишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, қўмита томонидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида 8 та тадбир ўтказилган.

Ҳисобот йилида қўмита ташаббуси билан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан давлат ва бошқарув органлари мансабдор шахсларига 2 та парламент сўрови юборилган. Шунингдек, қўмита аъзолари томонидан мансабдор шахсларга сайловчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан 8 та депутат сўрови юборилган.

Халқ билан очиқ мулоқотлар чоғида муаммолар ойдинлашади. Шу маънода, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш, уларни ҳал этишга алоҳида эътибор берилган. Қўмита номига келиб тушган жами 2348 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилган ҳолда, уларнинг салмоқли қисмини бартараф этишга эришилган.

Брифингда кейинги пайтда фуқаролар томонидан йўлланаётган мурожаатларда қонун ҳужжатлари нормаларини такомиллаштиришга доир таклифлар салмоғи ортиб бораётгани ва улар атрофлича ўрганилаётгани қайд этилди.

Шунингдек, ҳисобот даврида қўмита томонидан аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, сайловчилар билан тизимли иш олиб бориш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг қабуллари ўтказилган. Жумладан, қўмита аъзоларининг турли масалалар юзасидан қабуллар ташкил этилиб, фуқаролар томонидан кўтарилган масалаларнинг аксарияти депутатлар саъй-ҳаракати билан ўз ечимини топган.

Ўтган даврда қўмита фаолиятини самарали ташкил этиш, қонун лойиҳаларини кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш, амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишга қаратилган бир қатор йиғилиш ва тарғибот тадбирлари ҳам ташкил этилган.

Шу билан бирга, қўмита фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш, назорат-таҳлил тадбирлари якунлари ва қўмита масъуллигида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини аҳолига мунтазам равишда тушунтириб бориш бўйича муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, қўмита фаолияти ОАВда жами 3 547 маротаба ёритилган.

Брифингда қўмитанинг келгусидаги режалари ҳақида ҳам ахборот берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?