«Ўт балосидан жабр чекдим...»
Жорий йилнинг 10 январи Бухоро шаҳридаги Шахон маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Сайёра Сатторова хонадони аъзолари учун оғир кечди. Кутилмаганда ёнғин рўй берди. Ёғочдан қурилган, тўққизта хонадан иборат, кўрса ҳавас қилгулик бутун бошли уй ўн дақиқа ичида ёниб кулга айланди.
– Ўт балосидан жабр чекдим. Хайриятки, жонимиз омон қолди, невараларимга зиён етмади, – дейди шусиз ҳам соғлиги сабаб тез-тез даволанишга мажбур бўлиб юрган онахон. – Ёнғин ўчирувчиларга раҳмат. Улар зудлик билан келиб, оловни ўчиришди, акс ҳолда қўшниларнинг уйини ҳам аланга олиши мумкин эди. Бор-йўғимиздан айрилдик. Ҳамон ўзимга келолмайман. Ўт балосидан асрасин экан.
Сайёра аянинг аҳволини тушуниш мумкин. Кутилмаганда тўсатдан юз берган бу фалокат оқибатида оила нафақат бошпанасидан, балки кундалик рўзғор учун зарур буюмларидан, яхши-ёмон кунга, дея жамғариб қўйилган сармоясидан, шахсий ҳужжатларидан ва ҳаттоки егуликдан ҳам ажралиб қолди. Ўқиб-ўрганишга иштиёқи баланд невараларини айтмайсизми? Улар суюб қўлга оладиган дарсликлар, бадиий китобларни ҳам аланга ўз домига тортиб кетди. Дарсдан сўнг пулли ўқув марказларига қатнаётган болалар мунғайиб қолишди. Энди буёғи “репетитор” деганларининг инсофига боғлиқ.

– Бу оиламиз учун қаттиқ зарба бўлди, – дейди Сайёра аянинг фарзанди Паҳлавон Аҳмедов. – Хонадонимизда кекса ота-онамдан ташқари яна беш киши яшайди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш, тикув цехи очиш ниятида бизнесни ривожлантириш банки орқали 200 миллион сўм миқдорида кредит олгандик. Афсуски, шу маблағ эвазига харид қилинган дастгоҳлар ҳам олов ичида қолди. Биласиз, ҳар ой кредит фоизини тўлаш керак. Бу қарзни қандай узаман, деб кечалари ўйлаб ўйимга етолмаяпман...
Оила бошига тушган ташвишни кўриб маҳалла, қўни-қўшнилар имкон қадар ёрдам қўлини чўзишди. Кимдир кўрпа-тўшак, кимдир егулик олиб келди. Вақтинчалик туриш учун бошпана ҳозирланди. Аммо “Қўлдан берганга қуш тўймас”, дейишади. Қолаверса, энди қорин ғамидан бўлак яшаш учун уй ҳам тиклаш керак. Бу эса ўз-ўзидан бўлмайди.
Шахон кўчаси 116 – уйда (рақами бору ўзи йўқ) яшовчи бу оилага вилоят, шаҳар ҳокимлиги, корхоналар, савобталаб тадбиркорлар, меҳр-оқибатли инсонлар ёрдам қўлини чўзса, хонадон оғирини енгил қилмоққа ҳисса қўшса айни муддао бўлур эди.
Зеро, Муқаддас Рамазон ойида бу каби эзгу амаллар ризқимизни янада улуғ, кўнглимизни ёруғ, қадамимизни қутлуғ қилади.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Рамазон ва тиббий ёндашув: кимлар эҳтиёт бўлиши керак?
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг