Осиё ва Пара Осиё ўйинларининг қаҳрамонларига пул мукофотлари топширилди

18:10 21 Декабрь 2023 Спорт
1499 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Фармойишига биноан Ханжоу-2022 ХIХ ёзги Осиё ва IV Пара Осиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар, уларни тайёрлаган мураббийларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Пойтахтимиздаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари, спорт федерациялари масъуллари, спортчи ва мураббийлар, ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департамент раҳбари Одил Абдурахманов очиб берар экан, давлатимиз ҳамиша халқаро майдонда муваффақият қозонган спортчиларимизни қўллаб-қувватлаб келиши, уларга барча шароитларни яратиб беришини таъкидлади. Ўз навбатида, Вазир Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев спортчиларимизни қутлаб, уларнинг келгуси фаолиятларида, хусусан, Париж-2024 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик йўлида ўзларининг илиқ тилакларини билдиришди.

Президент Қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Фармойишига биноан олтин медални қўлга киритган спортчилар 10 000, кумуш медаль эгалари 5 000, бронза медали соҳиблари 2500 АҚШ доллари; уларнинг мураббийлари эса ушбу суммаларнинг тенг ярми миқдорида, мос равишда 5 000, 2500 ҳамда 1250 АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланишди.

Давлатимизнинг бундай эътибори спортчи ва мураббийларимизни ҳам илҳомлантирди. Тадбирда сўз олган таэквондо WТ бўйича Осиё ўйинлари чемпиони Улуғбек Рашитов ва бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев, шунингдек, пара енгил атлетика баҳсларида 1 та олтин ва 2 та бронза медалларини қўлга киритган Асила Мирзаёрова ҳамда пара каноэ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Дилшод Йўлдошев ушбу эътибор ва ғамхўрлик янги Олимпия йили олдидан катта мотивация бўлишини таъкидлаб, келгусида бундан ҳам улкан ғалабалар сари меҳнат қилишларини билдиришди.

 

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?