Ортга қайтмас ишончли ислоҳотлар
Аксарият халқаро экспертлар ва хорижий сиёсатчилар фикрига кўра, бугун Ўзбекистон ўзининг мисли кўрилмаган очиқлиги ва жадаллиги билан ажралиб турган изчил, аниқ ҳамда конструктив сиёсатни олиб бормоқда. Бу, айниқса, дунёнинг етакчи мамлакати — АҚШ билан муносабатларда ҳам намоён бўлмоқда.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Ўзбекистон раҳбарини Оқ уйда Марказий Осиё ва АҚШ давлат раҳбарларининг (С5+1) саммитига таклиф этгани ҳам бежиз эмас. Чунки дунёнинг энг қудратли мамлакати — АҚШ Ўзбекистоннинг шиддатли, ортга қайтмас ислоҳотларига ишонади.
Дипломатлар фикрича...
Дарҳақиқат, ўтган бир неча йил давомида икки мамлакат савдо ва сармоявий алоқаларни мустаҳкамлаш, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий муаммоларни ҳал этишда ҳамкорлик қилиш каби муносабатлар янги босқичга кўтарилди.
АҚШ томонидан Марказий Осиё — АҚШ ҳамкорлигига оид “С5+1” форматининг 2016 йилда ташкил этилиши ва ўша йили Самарқандда АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳамда Марказий Осиёнинг беш мамлакати ташқи ишлар вазирлари иштирокида учрашув ўтказилгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Бу платформа орқали АҚШ ўзининг минтақага нисбатан сиёсатини тушунтиради, Марказий Осиё ҳукуматлари позициялари билан танишади, ўзаро фикр алмашилади. АҚШ “C5+1” орқали Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қувватлаб, уларни бирдамликка чорлаб келади. Ушбу платформа минтақа ҳамда ҳар бир республика тинч, фаровон ва эркин яшаши учун хизмат қилади.
АҚШ дипломатлари фикрича, Ўзбекистон йилдан-йилга ривожланиб бормоқда ва катта йўлни босиб ўтди. У мустақил ва ўз давлат тизимига эга. Америка билан ҳамкорлик Ўзбекистонни глобал молия бозорига олиб чиқади. Инновациялар, илм-фан, технология, муҳандислик ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда.
Негаки, бугунги замонавий дунёда хомашё, кончилик, нефть ва газга таяниб яшаш билан иқтисодиётни ривожлантириш қийин. Ҳамма ҳам бу борада муваффақият қозонган эмас. Табиий бойлигига таянган айрим давлатлар бой, айримлари эса қашшоқ. Инсон капиталига сармоя йўллаш ҳақида кўпроқ ўйлаш керак. АҚШ эса илм-фан, технология, таълим бобида улкан ёрдам кўрсата олади.
АҚШ серқирра ҳамкорлик қилади, ўз манфаатлари ва мақсадларига қараб иш тутади. Ўзаро манфаатлар нимада? Манфаатлар қай нуқтада учрашади? Албатта, ҳар икки томон бир масалани бирдек кўриши ва баҳолай олиши жуда қийин. Ҳозир Ўзбекистон халқаро миқёсда очиқ ва эркин жамият сифатида намоён бўлмоқда. Америка инсон ҳуқуқларига риоя этган, инсон қадрини улуғлайдиган мамлакатларга хайрихоҳлик билан муносабатда бўлади. Ўзбекистон ҳақиқатан шундай жамиятга айланиши учун Америка ҳар қандай ёрдамни кўрсатмоқчи. Америкаликлар назарида Ўзбекистон етакчиси янада кўпроқ ишларга, каттароқ қадамларни қўйишга қодир.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг дунёнинг етакчи мамлакати билан муносабатлари жадал ва ўзаро манфаатдорлик асосида ривожланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил май ойида Вашингтонга расмий ташрифи АҚШ билан ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Саъй-ҳаракатлар ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижобий баҳоланди ва қўллаб-қувватланди. Бу Ўзбекистоннинг рейтинги ва халқаро имижига ижобий таъсир кўрсатди.
Кўп қиррали ҳамкорлик самаралари
Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми икки баравар ошди. Америкалик сайёҳларнинг Ўзбекистонга оқими эса 50 фоизга кўпайди. АҚШ Конгрессида нуфузли “Ўзбекистон бўйича кокус”, яъни республиканинг норасмий дўстлари гуруҳи тузилди. Тошкентда кенг қамровли, жумладан, маркетинг ва тадбиркорлик, компьютер фанлари, медиаиндустрия, соғлиқни сақлаш бошқаруви каби академик дастурларни ўз ичига олган Вебстер университетининг филиали очилди.
Табиийки, АҚШ Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари билан манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашдан манфаатдор. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник расман шу лавозимга киришишдан олдин мамлакат Сенатида сўзлаган нутқида айтганидек, Ўзбекистон — Марказий Осиёнинг юраги ва АҚШнинг кучли шериги.
Элчи Тошкент билан ҳамкорликнинг таъсирини бутун минтақага, шунингдек, Евроосиё ва ҳатто Ҳинд ҳамда Тинч океанлари ҳудудларидаги мамлакатлар билан ҳам боғлаб, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги динамик мамлакат эканини, 2016 йилда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар эълон қилинганидан бери АҚШ уларни олқишлаб келаётганини таъкидлайди.
Шу билан бирга, Ўзбекистондаги ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини, инсон ҳуқуқлари ва демократик бошқарув йўлидаги ислоҳотларда ва иқтисодий тараққиётда Ўзбекистон билан шериклигини маълум қилади. Алмашинув дастурлари, таълим ва илм-фан бўйича ҳамкорлик, фуқаро жамиятини ривожлантиришни муҳим йўналишлар сирасига киритиш мумкин.
АҚШ хотин-қизлар, гендер тенглиги масаласида Ўзбекистон билан ишлашга тайёр. Тошкент ҳамда Вашингтон иқлимдаги салбий ўзгаришларга қарши чоралар кўришда, муқобил энергия ва “яшил” иқтисодиётни йўлга қўйишда ҳам бирга ишламоқда. Икки томонлама ҳамда минтақавий хавфсизлик, жумладан, ҳуқуқ-тартибот ва контртерроризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳам мамлакатларимиз муносабатларида муҳим ўрин тутади.
Кузатувчилар фикрича, айни дамда АҚШ ва Ўзбекистон қатор муҳим стратегик муаммолар билан айни позицияда юзлашмоқда. Халқаро терроризм ҳақида гапирадиган бўлсак, бу таҳдидга қарши курашда ўхшаш қарашлар мавжуд.
2021 йили Афғонистонда содир бўлган воқеалардан кейин, яъни август ойида Америка қўшинларининг Афғонистондан шошилинч равишда чиқиб кетишидан кейин Марказий Осиё учун хавфсизлик муаммолари қайсидир маънода кучайди ҳамда АҚШ ва Ўзбекистон бу муаммоларга қарши курашда умумий позицияга эга. “Умумий позиция” деганда, кучайган таҳдидларга қарши курашиш тактикаси назарда тутилади, бироқ давлатлар радикал унсурларнинг Марказий Осиёга кириб келишини ёки умуман радикализмнинг дунё бўйлаб тарқалишини истамайди. Шу маънода, АҚШ Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги барқарорлик омили сифатида, яъни Афғонистондан радикал, террорчи ҳаракатларнинг Марказий Осиёга тарқалишининг олдини олувчи қалқон сифатида қарайди.
Узвийликни боғловчи ҳужжат
Эътибор берилса, Ўзбeкистон — АҚШ муносабатлари доирасидаги барча йўналишларда сифат жиҳатдан янги ва ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйишни бeлгилаб бeрган асосий ҳужжат, бу — икки мамлакат ўртасида 2002 йил март ойида имзоланган Стратeгик шeрикчилик ва ҳамкорликнинг асослари тўғрисидаги Дeкларация ҳисобланади.
Икки томонлама ҳамкорликни узвийлаштириш ҳамда қайд этилган кeлишувларни ўз вақтида бажариш мақсадида АҚШ билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган кeнг қамровли “Йўл харитаси” амалга ошириб келинмоқда. 2018 йил 16 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Оқ уйда Америка Қўшма Штатлари Президенти билан учрашди. Учрашув чоғида қабул қилинган “Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши” номли Қўшма баёнот, ҳақиқатан ҳам, ўз номланиши ва мазмун-моҳияти билан жуда кўп нарсани англатади. 2025 йилнинг сентябрида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида ҳам АҚШ ва Ўзбекистон Президентларининг учрашуви бўлиб ўтди. Ва кўплаб ўзаро манфаатли битимлар имзоланди. Бу ҳар иккала томоннинг узоқ келажакка мўлжалланган интилишларини тасдиқлайди.
Қайд этиш керакки, икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришда АҚШ — Ўзбeкистон савдо палатаси муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, ҳозирги пайтда Ўзбeкистонда АҚШнинг етакчи компаниялари фаолият олиб бормоқда. Хусусан, “General Motors” корпорацияси иштирокида енгил автомобиллар учун двигатeллар ишлаб чиқаришга мўлжалланган “General Motors Powertrain Uzbekistan” заводи фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, “Boing” компанияси “Uzbekistan Airways” АЖни замонавий авиалайнeрлар, хусусан, “Boing-787-8 Dreamliner” русумидаги янги авлод самолётлари билан таъминловчи доимий ҳамкорига айланди.
“General Electric” корпорацияси эса Ўзбeкистоннинг нeфть-газ ва авиация сeкторларида, шунингдeк, саломатлик ва қайта тикланадиган энeргия манбаларини ривожлантириш соҳасидаги муҳим ҳамкори сифатида фаоллик кўрсатмоқда. Шунингдек, Ўзбeкистонда фаолият юритаётган АҚШ компаниялари орасида “Exxon Mobil”, “CNH Industrial”, “Coca-Cola”, “Hyatt”, “Hilton”, “John Deere”, “Honeywell”, “Caterpillar” ва бошқалар ҳам бор.
Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичидаги ташқи сиёсатда АҚШ алоҳида ўрин тутади. Ўзаро ҳурмат ҳамда бир-бирининг миллий манфаатларини инобатга олишга асосланган ҳамкорлик бундан кейин ҳам мустаҳкамланиб бораверади. Зотан, америкаликлар Ўзбекистон танлаган ислоҳотлар ва истиқлол йўлига ишонишади.
Баҳодир ҲАСАНОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори,
иқтисодиёт фанлари доктори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг