Оролбўйида Ҳосил байрами унутилмас томошаларга бой бўлди

12:36 12 Декабрь 2022 Жамият
566 0

Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилдан буён декабрь ойининг иккинчи якшанбаси юртимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида кенг нишонланиб келинади. Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Қорақалпоғистонда ҳам куни кеча ушбу байрам тадбирлари юксак кўтаринкиликда бўлиб ўтди.

Нукус шаҳридаги Отчопар майдонида ташкил этилган асосий тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан табриклади. Сўнг юртимизда аграр соҳани ривожлантиришда янги технология ва инновацияларни жорий қилиш, ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, аҳолини сифатли ва барқарор озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, фермер ва кластерларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Ҳосил байрами қорақалпоқ миллий спорт ўйинлари ва бошқа кўргазмали тадбирлар, қизиқарли томошаларга бой бўлди. Байрам муносабати билан ҳар бир шаҳар ва туманлар, вазирликлар ва идора-ташкилотларининг алоҳида «қора уй» – ўтовлари тикланиб, қишлоқ хўжалиги ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Дошқозонларда ош дамланиб, барчага тортиқ қилинди. Санъат усталари ижросидаги куй-қўшиқлар янгради.

Айниқса, байрам иштирокчиларида миллий ўйинлар бўйича ўтказилган мусобақалар каттаю кичикда унутилмас таассуротлар қолдирди. Хусусан, арқон тортиш беллашувида Тахтакўпир тумани пешқадамлик қилган бўлса, Беруний ва Нукус тумани жамоалари кейинги ўринларни эгаллаб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Қизғин руҳда ўтган кураш мусобақасининг финал босқичида гиламга Амударё туманидан Элёр Машарипов ва Нукус туманидан Захриддин Заитовлар тушишди. Курашда Заҳриддин полвон мутлақ ғалабага эришди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ғолиб полвонга Президент совғаси - Ласетти автомашинасининг калитини тантанали равишда топширди.

Худди шундай, отда чопишда Нукус шаҳридан Бахит Ибраимовга тенг келадигани топилмадим. Бу чавандозга ҳам Ласетти автомашинаси совға қилинди.

Шунингдек, жорий йил мавсумида пахтадан мўл ҳосил етиштирган Чимбой тумани «Худайберген Гулдана» фермер хўжалиги раҳбари Ж.Наженов ва Кегейли тумани «Избағанбет аўыл» фермер хўжалиги раҳбари Қ.Тилеўбаевга «Nexia 3» автомашиналари топширилди.

Ғ. Отажонов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер