Ўқувчиларнинг тўғри касбни танлашида Германия тажрибасидан фойдаланилади

19:27 23 Январь 2025 Жамият
243 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона политехника институтида Германиянинг “AVESTOS” GmbH компанияси билан ҳамкорликда форум бўлиб ўтди.

Анжуманда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги профессионал таълимни ривожлантириш департаменти, Профессионал таълимни ривожлантириш институти раҳбарлари ҳамда Германиянинг “AVESTOS” GmbH компанияси бош директори Клаус Мичел, Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларидаги касбий таълим ташкилотлари раҳбарлари, туман-шаҳар ҳокимликлари масъуллари, йирик иш берувчи корхона ва ташкилотлар вакиллари қатнашди.

— Кейинги йилларда мамлакатимизда малакали ўрта бўғин мутахассислари тайёрлаш, касбий таълим тизимига халқаро таълим дастурларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди Фарғона вилояти Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Тўйчибой Бойматов. — Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 16 декабрь кунги “Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳудуддаги ишлаб чиқариш ва ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик ўрнатилди. Таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш мақсадида вилоятдаги 63 та техникумга 331 та корхона-ташкилотлар бириктирилди.

Бу борада касбий таълим ташкилотлари ҳамда иш берувчилар ҳамкорлигида дуал таълим йўлга қўйилиб, ўқувчилар қамровини йил якунига қадар икки баробарга ошириш режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар вилоятдаги иккита техникумда дуал таълим тизими бўйича 111 нафар ўқувчилар қабул қилинди.

Ўтган йили вилоятда 43 та касбий таълим ташкилотларида 29 та касб бўйича 3594 нафар ўқувчилар дуал таълим шакли бўйича ўқитилган бўлса, жорий йилда 51 та касбий таълим ташкилотларида 32 та касб бўйича 7000 нафар ўқувчиларни дуал шаклида ўқитиш кўзда тутилмоқда. Германия тажрибасининг афзаллик жиҳати, касб эгаллаш жараёнида ўқувчига 40 фоиз назарий билимлар берилса, қолган даврда ушбу йўналишда амалий кўникмалар бериб борилади. Бевосита ишлаб чиқариш жараёнига фаол жалб этилиши натижасида у ўқувчилик давридаёқ маош олиб ишлайди, доимий иш ўрнига эга бўлади.

Форум ишида дуал таълим жараёнида нималарга эътибор қаратиш, маҳаллий ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликни қандай йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Юзма-юз мулоқот давомида касбий таълимга халқаро таълим дастурларини жорий қилиш, ички ва ташқи меҳнат бозори талабларига мос рақобатбардош ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер