Оқсаб қолаётган тармоқлар қачон ўнгланади?
Куни кеча Президентимиз раислигида жорий йилнинг биринчи ярмидаги иқтисодий натижалар таҳлили ҳамда йил якунига қадар барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Қайд этилганидек, биринчи ярим йилликда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 6,2 фоизга ўсгани қайд этилди. Бунга, асосан, саноат 8,5 фоиз, инвестициялар 5,9 фоиз ва хизматлар ҳажми 8 фоизга ошгани ҳисобига эришилган. Инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, мамлакатда жами 53 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 14 фоиз ошган.
Мажлисда шу каби муваффақиятлар ҳам тилга олинди, лекин асосан камчиликлар ва уларни келтириб чиқараётган омиллар атрофлича муҳокама қилинди, таҳлилларга кенг ўрин берилди. Оқсаб қолаётган тармоқлар, йўналишлар раҳбарларига аҳволни ўнглаш юзасидан аниқ вазифалар юкланди. Шу ўринда йиғилишда соҳадаги реал вазиятни кўрсатувчи рақамлар, фактлар очиқ-ойдин айтилгани, бу эса, айниқса, иқтисодиётни тараққий эттиришда ижобий роль ўйнашини таъкидлашни истардик. Ҳолбуки, яқин ўтмишда барча жабҳаларда «ўсиш», «ривожланиш»дан дарак берувчи рақамлар эълон қилинарди. Бу эса хулосалар чиқариш, муаммоларни аниқлаш, ечимини топишга монелик қиларди.
Йиғилишда қайд этилганидек, ҳудудий саноат ҳажми Сирдарё вилоятида 41 фоиз, Хоразмда 33 фоиз, Наманган ва Сурхондарёда 24 фоиз ўсган. Бироқ, бу кўрсаткич катта имкониятларга эга Фарғона вилоятида атиги 1,2 фоиз ва Тошкент вилоятида 4,6 фоизни ташкил этган. 110 та ҳудудий саноат корхонасида ўтган йилга нисбатан 2,2 триллион сўмлик маҳсулотлар кам ишлаб чиқарилган. Қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқариш ҳажми Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм ва Тошкент вилоятларида ўтган йилги даражада сақланиб қолган. Деҳқончилик йўналишида маҳсулот етиштириш камайган. Ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш учун зарур молиявий ресурслар ажратилган бўлсада, ҳали жойларда кутилган натижа бўлмаяпти.
Йиғилишда ана шу масалаларни жадаллик билан ҳал қилиш, ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича 9 ой ҳамда йил якунига мўлжалланган аниқ режалар ишлаб чиқиб, ижросини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Биз – депутатлар видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар, берилган топшириқлардан тегишли хулосалар чиқардик. Аввало, белгиланган вазифалар амалга оширилишини таъминлашда депутатлик ва жамоатчилик назоратидан самарали фойдаланишимиз зарур. Соҳадаги нуқсон-камчиликларнинг ҳал қилиниши бошланган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга ҳам боғлиқ, деб ҳисоблаймиз. Шу боис тегишли қонунчилик ташаббусларини илгари суришни режалаштиряпмиз.
Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- МИБ директорига янги ўринбосар тайинланди
- Тошкент – Самарқанд пуллик йўли қурилиши 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланмоқда
- Тошкентда туннель девори ўпирилиб тушди
- Бир асрлик тарихга гувоҳ бино тақдири
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг